PFA: Исроил кучлари фаластинлик дарвозабонни отиб ўлдирди

PFA: Исроил кучлари фаластинлик дарвозабонни отиб ўлдирди

Исроил армияси томонидан Ғазо секторида амалга оширилган навбатдаги ҳужум оқибатида фаластинлик дарвозабон Салим ал-Ашқар ҳалок бўлди. Бу ҳақда Фаластин футбол ассоциацияси (PFA) маълумотларига таяниб, TRT нашри хабар берди.

Маълум қилинишича, 32 ёшли футболчи Ғазо секторидаги Ал-Қарара шаҳарчасида отиб ўлдирилган. Фаластин футбол ассоциациясига кўра, у 2023 йил октябрь ойида ҳарбий ҳаракатлар бошланганидан бери ҳалок бўлган 1000 дан ортиқ фаластинлик спортчилардан бири ҳисобланади.

Қайд этилишича, Салим ал-Ашқар бор-йўғи беш ой аввал оила қурган бўлиб, турмуш ўртоғи билан илк фарзанди дунёга келишини интиқлик билан кутаётган эди.

Чилининг «Депортиво Палестино» футбол клуби ҳам марҳум футболчининг вафоти муносабати билан баёнот эълон қилди.

«32 ёшли фаластинлик дарвозабон Салим ал-Ашқарнинг фожиали ўлими муносабати билан чуқур қайғудамиз. У Исроил армияси томонидан ўлдирилди. Бундай воқеаларнинг давом этаётгани жиддий ташвиш уйғотмоқда. Биз адолат қарор топиши ва тинчлик таъминланишини сўраймиз», — дейилади клубнинг 1 июнь куни эълон қилинган баёнотида.

Марҳум футболчи фаолияти давомида «Хон Юнис Сервис» клуби дарвозабони сифатида тўп сурган. Шунингдек, у Ғазо секторидаги «Ал-Ақсо» ва «Ал-Мусаддар» спорт клублари сафида ҳам фаолият юритган.

Маълумот ўрнида, июнь ойида Исроил ҳукумати Фаластин аёллар миллий терма жамоасининг 20 ёшли футболчиси Ренд Ҳалаванийни ҳам ҳибсга олган эди. У 2 июнь куни Қуддус шаҳрига сўроққа чақирилган ва 5 июнга қадар ҳибсда сақланиши белгиланган. Полиция унга нисбатан қўйилган айбловларни очиқламаган.

Фаластин футбол ассоциацияси ушбу ҳолатни қоралаб, буни фаластинлик спортчиларга нисбатан тизимли босимнинг бир кўриниши деб баҳолаган.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Zamin AI билан мухокама килингЯнгиликни тахлил килинг, фойдали маслихатлар олинг

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар