Бир хонада яширилган 16 нафар бола қутқарилди

АҚШнинг Огаё штатида даҳшатли ҳолат фош этилди. Ҳамден қишлоғидаги хароба уйдан қарийб тўрт йил давомида битта хонада сақланган 16 нафар бола қутқариб олинди. Бу ҳақда The Guardian хабар берди.
Маълум бўлишича, ёши 1,5 ёшдан 18 ёшгача бўлган болаларнинг барчаси бир оилага мансуб. Улар ниҳоятда оғир шароитда яшаган, айримлари гапира олмаган, 18 ёшли ногирон қиз эса ҳатто ўз исмини ёзишни ҳам билмаган.
Ҳуқуқ-тартибот идоралари болаларни бошқа жиноят бўйича ўтказилган тинтув чоғида аниқлаган. Воқеа юзасидан ота-онаси ҳамда икки нафар буви ва бобосига болаларни хавф остида қолдириш бўйича 16 та айблов қўйилди.
Қутқарилган болаларнинг бир қисми шифохонага ётқизилган. Улардан икки нафари оғир аҳволда тиббий марказга етказилган бўлиб, бир бола сунъий нафас олдириш аппаратига уланган.
Тергов маълумотларига кўра, оила йиллар давомида болаларни давлат назоратидан яшириб келган ва уларни мактабга юбормаган. Ҳозирда барча болалар давлат ҳимоясига олинган, ҳолат юзасидан тергов давом этмоқда.






























Изоҳлар 0
…