Таиландда пикап роҳибларни уриб кетди, саккиз киши ҳалок бўлди

Таиландда роҳиблар иштирокидаги фожиали йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Маҳаллий ОАВ хабарига кўра, пикап автомобили бир гуруҳ роҳибларни уриб юбориши оқибатида 8 киши ҳалок бўлган, яна 13 нафар роҳиб турли даражада тан жароҳати олган.
Бу ҳақда Thai Enquirer маълум қилди.
Ҳодиса 2 июль куни Минг тумани ҳудудидаги Хуай Синг қишлоғи яқинида юз берган. Маълум қилинишича, роҳиблар ибодатхонада тушлик қилгач, пиёда бошқа манзил томон йўл олаётган вақтда уларга автомобил келиб урилган.
Воқеа жойига зудлик билан полиция ва қутқарув хизматлари етиб бориб, жароҳатланганларни шифохонага олиб кетган. Ҳозирда уларга зарур тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.
Дастлабки маълумотларда автомобилни вояга етмаган шахс бошқаргани айтилмоқда. Айрим манбаларда ҳайдовчи 11 ёшли бола бўлиши мумкинлиги қайд этилган, бироқ бу маълумот ҳозирча ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан расман тасдиқланмаган.
Айни пайтда ҳодисанинг барча тафсилотлари юзасидан тергов ишлари давом этмоқда.






























Изоҳлар 0
…