Германияда Александр Пушкиннинг бронза ҳайкали сирли равишда йўқолди

Германиянинг Гемер шаҳрида рус шоири Александр Пушкиннинг бронзадан ясалган ҳайкали номаълум шахслар томонидан ўғирлаб кетилди. Бу ҳақда Россиянинг Германиядаги элчихонаси маълум қилди.
Маълумотларга кўра, баландлиги қарийб 1,8 метр бўлган ҳайкал 1994 йилда Россиянинг Шёлково шаҳри томонидан Гемерга совға қилинган. У икки халқ ўртасидаги дўстлик тимсоли сифатида шаҳар марказига ўрнатилган эди.
Дастлаб ҳайкалнинг ўрнида фақат металл маҳкамлагичлар қолганини маҳаллий аҳоли пайқаб қолган. Полиция ўғрилик 26–27 июн кунлари оралиғида содир этилганини тахмин қилмоқда.
Россия элчихонаси воқеадан хавотир билдирар экан, ҳайкални ўғирлаган шахслар тез орада аниқланиб, ёдгорлик ўз жойига қайтарилишига умид билдирди.
Айни пайтда Германия ҳуқуқ-тартибот органлари ҳодиса юзасидан тергов олиб бормоқда. Ҳозирча гумонланувчилар ва ўғирлик сабаблари ҳақида расмий маълумот берилмаган.






























Изоҳлар 0
…