Франция осмонида илк бор ноёб “оловли булутлар” кузатилди

Франция осмонида илк бор ноёб “оловли булутлар” кузатилди

Европа давлатларида бир неча кундан буён кенг кўламли ўрмон ёнғинлари давом этмоқда. Айниқса, Франция ва Испанияда юзага келган йирик ёнғинлар оқибатида эвакуация қилинган аҳоли сони 300 минг нафардан ошиб кетди. Мутахассислар буни Европа тарихидаги энг кенг қамровли эвакуация ҳолатларидан бири сифатида баҳоламоқда. Бу ҳақда Deutsche Welle нашри маълум қилди.

Франциядаги энг йирик ўрмон ёнғинлари муносабати билан ташкил этилган фавқулодда хизматларнинг инқирозга қарши марказига ташриф буюрган мамлакат президенти Эммануэль Макрон вазиятга муносабат билдирди. Унинг таъкидлашича, мамлакат жануби-ғарбидаги ёнғинлар маълум даражада жиловланган бўлса-да, Бордо шаҳри атрофида алангани тўлиқ назорат остига олиш ҳозирча имкони бўлмаяпти.

AFP агентлиги тарқатган маълумотга кўра, Франция тарихида илк марта ноёб табиий ҳодиса — момақалдироқли “оловли булутлар” кузатилди. Бундай ҳодиса илгари Австралия ва Канадада содир бўлган улкан ўрмон ёнғинлари вақтида қайд этилган эди.

«Бу Франция учун мутлақо мисли кўрилмаган ҳолат», — деди ёнғин хавфсизлиги хизмати вакили Эрик Брокарди.

Мутахассисларнинг тушунтиришича, мазкур булутлар кучли ёнғинлар натижасида ҳосил бўлган тутун, сув буғи ва кулнинг юқори атмосфера қатламларига, ҳатто стратосферагача кўтарилиши орқали шаклланади. Бундай жараён эса чақмоқ чақиши ва янги ёнғинлар келиб чиқиши хавфини янада ошириши мумкин.

Президент Эммануэль Макрон ҳам вазиятга баҳо берар экан, «Олдиндаги ҳафталар оғир кечади», дея таъкидлади.

Расмий маълумотларга кўра, Бордо шаҳри билан Атлантика океани соҳили ўртасида жойлашган ҳудудда 22 июлдан буён давом этаётган ёнғинлар қарийб 42 минг гектар ер майдонини кулга айлантирди. Умуман олганда, жорий йил бошидан бери Франция бўйлаб ёнғинлар 116 минг гектар ҳудудни вайрон қилган. Хавфсизлик чоралари доирасида мамлакатда 220 мингга яқин аҳоли эвакуация қилинган.

Ўрмон ёнғинлари қўшни Испанияда ҳам тобора кучайиб бормоқда. Икки мамлакатда хавфсиз ҳудудларга кўчирилган одамлар сони 300 минг нафардан ошиб кетган. Ёнғинларни бартараф этиш ишларида эса Европа Иттифоқига аъзо давлатлар қутқарув кучлари ва махсус техникалар билан фаол ёрдам кўрсатмоқда.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Zamin AI билан мухокама килингЯнгиликни тахлил килинг, фойдали маслихатлар олинг

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар