Хитойда офатлар пайтида яна бир хавф кучайди: AI сохта видеолари

Хитойда офатлар пайтида яна бир хавф кучайди: AI сохта видеолари

Сўнгги ойларда Хитой табиий офатлар билан курашаётган бир пайтда мамлакат яна бир жиддий муаммога — сунъий интеллект (AI) ёрдамида яратилган сохта видеоларнинг кенг тарқалишига дуч келмоқда. Ҳафта охирида мамлакат ҳудудига етиб келган “Ноул” тўфонидан кейинги вазият бу муаммони янада долзарб масалага айлантирди.

Кучли тўфонлар ва сув тошқинлари ортидан ижтимоий тармоқларда ҳақиқатга тўғри келмайдиган кўплаб фото ва видеолар тарқалди. Улар орасида сувда оқиб кетаётган жасадлар акс этган сохта тасвирлар, аслида зарар кўрмаган ҳудудларни сув босгани ҳақидаги видеолар, шунингдек, қутқарув ишлари ҳақида атайлаб сохталаштирилган лавҳалар ҳам бор.

Айрим ҳудудларда электр энергияси узилиши ҳақидаги ёлғон видеолар тарқалиши аҳоли ўртасида саросимага сабаб бўлиб, одамлар фавқулодда захира маҳсулотларини оммавий равишда харид қилишга киришган.

Айрим ҳолатларда эса сохта видеолар ҳақиқий воқеалардан фойдаланиб тайёрланган. Масалан, июль ойи бошида Гуанси вилоятининг Ҳэнчжоу шаҳридаги сув тошқини оқибатида юзлаб илонлар махсус хўжаликдан чиқиб кетган. Шу воқеадан кейин ижтимоий тармоқларда дарёга тимсоҳлар ҳам қўйиб юборилгани ҳақида сохта тасвирлар тарқатилди.

Кенг кўламли эвакуация ва мураккаб қутқарув ишлари давом этаётган бир пайтда ҳукумат аҳоли ўртасида ваҳима кучайишини истамайди. Расмийлар таъкидлашича, Хитой миллиардлаб доллар сармоя киритаётган сунъий интеллект технологиялари энди айрим шахслар қўлида жамоатчиликни чалғитиш воситасига ҳам айланиб бормоқда.

Чжэцзян вилояти полицияси интернет хавфсизлиги бўлими раҳбарларидан бири Хуан Чжихуанинг айтишича, кўплаб контент яратувчилар офатлар ҳақидаги шов-шувли хабарлар орқали кўпроқ обуначи йиғишни мақсад қилмоқда. Уларнинг фикрича, қанчалик сенсацион ёки бўрттирилган контент тайёрланса, шунчалик кўпроқ кўришлар ва ёқтиришлар тўплаш мумкин. Шу сабабли айримлар одамларнинг эътиборини жалб қилиш учун маълумотларни атайлаб сохталаштирмоқда.

Сўнгги ҳафталарда сохта хабар ва видеоларни тайёрлаган шахсларга нисбатан бир қатор чоралар кўрилди. Айримлари жиноий жавобгарликка тортилиши кутилмоқда, бошқаларига эса жарималар ёки маъмурий жазолар қўлланди.

Мутахассислар эса AI ёрдамида тарқатилаётган дезинформация мисли кўрилмаган даражага чиқиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда. Коммунистик партия Марказий партия мактаби профессори Чэнь Биннинг таъкидлашича, сунъий интеллект ёлғон ахборот ишлаб чиқариш учун техник тўсиқларни кескин камайтирди. Энди махсус билим талаб этилмайди — оддий сўров орқали матн, тасвир, аудио ва видеоларни ишончли кўринишда, аммо бутунлай сохта ҳолда қисқа вақт ичида яратиш мумкин.

Kuchli suv oqimi yo'lni yuvib ketishi natijasida cho'kish va buzilish yuzaga keldi.

Шарқий Хитой сиёсатшунослик ва ҳуқуқ университети профессори Гао Фупиннинг фикрича, бундай материалларни тарқатишга турли омиллар сабаб бўлади. Айримлар буни ҳазил сифатида қабул қилса, бошқалар шахсий манфаат ёки интернетдаги трафикни ошириш учун ҳаракат қилади. Яна бир тоифа эса жамиятда қўрқув ва беқарорлик келтириб чиқаришни мақсад қилади.

Унинг таъкидлашича, баъзи интернет фойдаланувчилари онлайн маконда аноним қолиш мумкинлиги ёки уларни аниқлаб бўлмайди, деб ўйлайди. Аслида эса ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар бундай ҳолатларни кузатиб бормоқда.

Мутахассислар AI орқали яратилган контентга махсус белгилар қўйиш таклифини ҳам илгари сурмоқда. Бироқ муаммо шундаки, бу белгилар кейинчалик таҳрир қилиниб, осонлик билан олиб ташланиши мумкин.

Пекин педагогика университети профессори Сюй Сяокэ эса геолокация, вақт белгиси ва тасвир манбасини текшириш тизимларини янада кучайтириш зарурлигини таъкидлади. Шу билан бирга, у ҳозирча AI орқали яратилган материалларни аниқлаш технологиялари уларни яратиш технологияларидан ортда қолаётганини айтди.

Унинг сўзларига кўра, бу жараён доимий “мушук ва сичқон ўйини”га ўхшайди. Шунинг учун технологиянинг ўзи бир тугмани босиш орқали барча сохта материалларни аниқлаб беради, деб ўйлаш нотўғри.

Хитой ҳукумати эса мамлакатни дунёдаги етакчи технологик давлатга айлантириш мақсадида сунъий интеллект соҳасига катта сармоя киритишда давом этмоқда. 2017 йилда AI мамлакат тараққиётининг асосий ҳаракатлантирувчи кучи деб эълон қилинган эди. Бугунги кунда давлат ахборот агентлиги маълумотига кўра, мамлакатда 6 мингдан ортиқ сунъий интеллект компанияси фаолият юритмоқда.

Профессор Сюйнинг фикрича, бу шароитда Хитой ишончли ахборот инфратузилмасини шакллантириши керак. Бу тизимга расмий огоҳлантириш платформалари, фавқулодда вазиятлар интерфейслари ва ОАВ учун тезкор маълумот манбалари кириши лозим.

Бироқ айрим ҳолатларда расмий манбаларнинг ўзи ҳам табиий офатлар ҳақидаги маълумотларни юмшатиб кўрсатгани жамоатчилик ишончининг пасайишига сабаб бўлган. Масалан, июль ойида Нанин яқинидаги Люлан тўғони деворидаги йирик ёриқ ҳақида маҳаллий журналистларга уни “тешилиш” эмас, балки “очилиш” ёки “тирқиш” сифатида ёритиш тавсия қилинган. Кейинчалик ушбу ҳалокат оқибатида камида 26 киши ҳалок бўлган.

Бу биринчи ҳолат эмас. 2021 йилда Хэнань вилоятида маҳаллий амалдорлар 139 нафар ҳалок бўлган фуқаро ҳақидаги маълумотларни яширган ёки камайтириб кўрсатганликда айбланган.

Мутахассислар фикрича, айнан шундай ҳолатлар жамоатчилик ишончининг сусайишига ва ёмон ниятли шахсларга сохта ахборотни осон тарқатиш имкониятини яратмоқда.

Шу билан бирга, полиция аҳолини фавқулодда вазиятларда фақат расмий ва тасдиқланган манбаларга ишонишга чақирмоқда. Нинбо жамоат хавфсизлиги бошқармаси вакили Гао Кайнинг таъкидлашича, манбаси номаълум бўлган офатларга оид хабарларга шубҳа билан қараш ва расмий маълумотларга таяниш керак.

Унинг айтишича, интернет қонунсиз ҳудуд эмас. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ижтимоий тармоқлар, айниқса қисқа видеолар платформаларини махсус гуруҳлар орқали доимий назорат қилмоқда ва қонунбузарларга нисбатан қатъий чора кўради.

Loyli suvda suzayotgan timsohlar ustiga qizil xitoycha iyerogliflar tushirilgan.

Хитойнинг Кибермакон бошқармаси ҳам 23 июль куни мамлакат бўйлаб сув тошқинлари ва бошқа офатларга оид сохта ахборотларга қарши кенг қамровли рейд бошланганини маълум қилди. Унда сохта статистика, монтаж қилинган видеолар, саҳналаштирилган воқеалар, тарихий лавҳаларни янги воқеадек кўрсатиш ва расмийлар номидан сохта чиқишлар тайёрлаш ҳолатларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, ижтимоий тармоқларга контентни янада қатъий текшириш топширилди.

Профессор Гао Фупиннинг фикрича, муаммонинг энг самарали ечими аҳолини ахборот саводхонлигига ўргатиш ва қонунчиликни қатъий қўллашдир. Унинг таъкидлашича, AI ўзи хавф эмас — асосий масала одамларнинг уни қандай мақсадда қўллашидадир.

Бироқ профессор Чэнь Бин бошқача фикрда. Унинг айтишича, сунъий интеллект технологиялари ҳуқуқий базадан анча тез ривожланмоқда. Янги ҳуқуқий саволлар пайдо бўлар экан, AI орқали тарқатиладиган дезинформация узоқ вақт давомида жиддий муаммо бўлиб қолиши мумкин.

Шанхай ва Вашингтонда фаолият юритувчи ҳуқуқшунос Питер Панг эса нафақат сохта материал яратган шахслар, балки AI дастурларини ишлаб чиққан компаниялар ҳамда уларни тарқатган платформалар ҳам ҳуқуқий жавобгарликка тортилиши кераклигини таъкидлади.

Мутахассислар хулосасига кўра, келгусида сайловлар, жамоат саломатлиги, қуролли можаролар, табиий офатлар ва аҳоли турмушига дахлдор бошқа мавзулар AI ёрдамида тарқатиладиган ёлғон ахборот учун энг хавфли соҳаларга айланиши мумкин. Шу боис ҳукуматлар ва интернет платформалари муаммо тарқалгандан кейин эмас, балки олдиндан тайёргарлик кўриши лозим.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Zamin AI билан мухокама килингЯнгиликни тахлил килинг, фойдали маслихатлар олинг

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар