Швейцария суди Гулнора Каримова билан боғлиқ жиноят ишини тўхтатди

Швейцария суди Гулнора Каримова билан боғлиқ жиноят ишини давом эттирмасликка қарор қилди. Суд ҳужжатида жавобгарликка тортиш учун белгиланган муддат тугагани асосий сабаблардан бири сифатида кўрсатилган. Шунингдек, Каримованинг яқин орада Швейцарияга экстрадиция қилиниши ёки озод қилиниши эҳтимоли йўқлиги ҳам инобатга олинган.
Шунга қарамай, тергов материалларида тилга олинган Женевадаги "Ломбард Одье" банки жавобгарликдан озод этилмади. Банк ноқонуний маблағларни ювишга қарши етарли чора кўрмагани учун 3 миллион Швейцария франки миқдорида жаримага тортилди.
Суд яна 400 миллион франкдан зиёд активларни мусодара қилишни белгилади. Молиявий операциялар билан ишлаган банкнинг собиқ ҳисоб-менежерига 24 ойлик шартли қамоқ жазоси берилди.
Гулнора Каримова 2005–2013 йиллар оралиғида пора олганлик ва юзлаб миллион доллар маблағни Швейцария банкларида яширганликда гумон қилинган эди. Бироқ суд бу айбловлар исботланган ёки исботланмагани бўйича хулоса чиқармади. Қарор ишнинг мазмунига эмас, процессуал ҳолатларга асосланган.































Изоҳлар 0
…