Шифокорлар хатоси аёлга 17 миллион доллар келтирди

АҚШнинг Мейн штатида тиббий хатолик туфайли аёлнинг соғлом қовуғи жарроҳлик амалиёти вақтида олиб ташлангани суд муҳокамасига сабаб бўлди. Натижада суд жабрланган аёл ва унинг оиласи фойдасига жами 17 миллион доллар миқдорида товон пули тўлаш ҳақида қарор чиқарди. Бу ҳақда Complex нашри хабар берди.
Маълум қилинишича, Кеннебек округи Олий судидаги тўққиз нафар ҳакамдан иборат ҳайъат Northern Light Inland Hospital ҳамда унинг бош ташкилоти Northern Light Healthни бир овоздан айбдор деб топган. Суд қарорига кўра, жабрланувчи Митчелл хонимга 15,75 миллион доллар, турмуш ўртоғи Жошуа Митчеллга эса маънавий зарар учун қўшимча 1,25 миллион доллар ундирилиши белгиланган. Шу тариқа, оилага тўланадиган умумий компенсация 17 миллион долларга етди. Адвокатлар бу қарор Кеннебек округида тиббий хатолик билан боғлиқ ишлар орасидаги энг йирик товон пули эканини таъкидламоқда.
Маълумотларга кўра, воқеа 2023 йил 1 март куни содир бўлган. 43 ёшли аёл чап тухумдонидаги хавфсиз ўсмани лапароскопик усулда олиб ташлаш учун шифохонага мурожаат қилган. Аммо операция давомида жарроҳ доктор Даниэль Ганён ўсма ўрнига беморнинг бутунлай соғлом қовуғини кесиб ташлаган. Кейинчалик патологик текширув ҳам олиб ташланган аъзо айнан қовуқ эканини тасдиқлаган.
Бу даҳшатли хатолик аёл операциядан кейин кучли оғриқ, қорин шишиши ва пешоб чиқара олмаслик шикоятлари билан яна шифохонага келганидан кейингина маълум бўлган. Шифокорлар қовуқни қайта тиклаш учун етарли соғлом тўқима қолмаганини аниқлашган.
Шундан сўнг бемор саккиз ойдан зиёд вақт давомида буйракларига ўрнатилган махсус нефростомия найчалари орқали яшашга мажбур бўлган. Бу даврда у бир неча бор сийдик йўллари ва буйрак инфекцияларини бошидан кечирган.
2023 йил октябрь ойида Бостон шаҳрида ўтказилган мураккаб операция давомида жарроҳлар беморнинг ичак тўқимасидан янги қовуқ шакллантиришга муваффақ бўлган. Бироқ шунга қарамай, у ҳозиргача ҳар куни бир неча марта ўзига катетер қўйишга ва доимий тиббий назоратда бўлишга мажбур.
Суд белгилаган компенсация маблағи ўтган ва келгусидаги даволаниш харажатлари, жисмоний ва руҳий азоблар, ҳаёт сифати пасайиши ҳамда умрбод ногиронлик билан боғлиқ зарарларни қоплаш учун ажратилган. Бу иш АҚШда тиббий хатоликлар оқибати қанчалик оғир бўлиши мумкинлигини яна бир бор кўрсатди.






























Изоҳлар 0
…