Россияда силовсинни безовта қилган ўзбекистонлик жаримага тортилди

Россиянинг Челябинск шаҳрида ҳайвонлар бошпанаси ҳудудига рухсатсиз кириб, силовсинни безовта қилган Ўзбекистон фуқароси маъмурий жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда маҳаллий ОАВ хабар берди.
Маълум қилинишича, воқеа «Мени қутқар» номли ҳайвонлар бошпанасида содир бўлган. Эркак қўриқланадиган ҳудудга ноқонуний равишда кирган. Шундан сўнг бошпана раҳбарияти қўриқлаш хизмати ва 112 тезкор хизматига мурожаат қилган.
Ҳодиса жойига етиб келган қўриқлаш хизмати ходимларининг маълум қилишича, эркак ўзини «Интерпол пайвандчиси» деб таништирган ҳамда уни қўлга олган ходимлар кейинчалик жиддий муаммоларга дуч келишини айтган.
Дастлабки маълумотларга кўра, Ўзбекистон фуқароси бошпана ҳудудига ўз шеригини излаб келган. Шунингдек, унинг спиртли ичимлик таъсирида бўлгани қайд этилган.
Полиция 1982 йилда туғилган эркакка нисбатан Россия Федерацияси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 20.1-моддаси — «майда безорилик» бўйича баённома расмийлаштирди.
Суд қарорига мувофиқ, у 500 рубль миқдорида жаримага тортилди. Шу билан бирга, эркак Россия ҳудудида қонуний асосда яшаб келаётгани маълум қилинди.
Бошпана эгаси Карен Даллакяннинг айтишича, ҳодисадан кейин Маруся лақабли силовсин қаттиқ стресс ҳолатига тушган.
«Бу воқеадан кейин Маруся жуда кучли стрессни бошдан кечирди. Бу биз учун ачинарли ҳолат бўлди», деди у.






























Изоҳлар 0
…