Сирдарёда ёнғин: учта дўкон зарар кўрди

Бугун, 29 июль куни Сирдарё вилоятининг Сирдарё туманида жойлашган савдо дўконларида ёнғин содир бўлди. Ҳолат юзасидан вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси расмий маълумот берди.
Қайд этилишича, соат 12:22 да “112” ягона диспетчерлик хизматига Сирдарё тумани “Ёшлик” МФЙ, Ўзбекистон шох кўчасида жойлашган дўконда ёнғин юз бергани ҳақида хабар келиб тушган. Шундан сўнг ҳодиса жойига учта ёнғин-қутқарув экипажи зудлик билан етиб бориб, оловни соат 13:00 га келиб тўлиқ бартараф этган.
Дастлабки маълумотларга кўра, ёнғин оқибатида бир-бирига туташ жойлашган учта дўконнинг қарийб 80 квадрат метр майдони ёниб зарарланган. Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олганлар қайд этилмаган.
Айни пайтда ёнғиннинг келиб чиқиш сабаблари ва етказилган моддий зарар миқдори аниқланмоқда. Воқеа жойида вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси раҳбарияти, масъул ходимлар ҳамда тегишли хизматлар томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.






























Изоҳлар 0
…