Британиялик эркак бир дақиқада 15 та балиқ таёқчасини еб рекорд ўрнатди

Британиялик 32 ёшли Нейтан Дэвис ўз фарзандлари энг яхши кўрадиган таомлардан бири орқали Guinness World Records саҳифасидан ўрин олишга муваффақ бўлди. У бир дақиқа ичида 15 та балиқ таёқчасини истеъмол қилиб, янги жаҳон рекордини ўрнатди.
Маълум қилинишича, Нейтан Дэвис яқинда машҳур The 1% Club телевизион интеллектуал шоуида иштирок этиб, 130 минг доллардан ортиқ маблағни қўлга киритган. У дастур бошловчиси Ли Макка навбатдаги мақсади Гиннесс рекордини ўрнатиш эканини айтган.
Унинг сўзларига кўра, балиқ таёқчаларини ейиш бўйича рекорд ўзи учун энг мақбул танлов бўлган. Чунки у аввал ҳам тез овқат ейиш билан боғлиқ норасмий рекордларга қизиқиб келган ва бу каби синовлар унга яқин эканини таъкидлаган.
Нейтан белгиланган бир дақиқа давомида 15 та балиқ таёқчасини еб тугатишга муваффақ бўлди ва шу тариқа бир дақиқада энг кўп балиқ таёқчасини истеъмол қилган инсон сифатида расман Гиннесс рекордлари китобига киритилди.
Рекордчи бу натижа ҳақида ҳазиломуз тарзда фикр билдириб, жаҳон рекорди соҳиби бўлганидан фахрланишини, аммо унинг айнан балиқ таёқчалари билан боғлиқ экани бироз ғалати туюлишини айтди. Шунингдек, агар таёқчалар бироз совуганида, янада кўпроқ ейиши мумкинлигини, бироқ энг муҳими рекордни қўлга киритганидан мамнун эканини таъкидлади.






























Изоҳлар 0
…