ChatGPT ёрдамида банк ўмарган америкалик 10 йилга қамалди

АҚШнинг Небраска штати Омаха шаҳрида яшовчи 23 ёшли Дерон Льюис-Пейн банкни қурол билан босиб олгани ва жиноят вақтида тўппонча ишлатгани учун 121 ойга, яъни 10 йилу 1 ойга озодликдан маҳрум этилди. Маълум бўлишича, у банкка ҳужумни режалаштиришда ChatGPTдан ҳам фойдаланган. Бу ҳақда АҚШ Адлия вазирлиги хабар берди.
Воқеа 2026 йил 10 февраль куни содир бўлган. Льюис-Пейн Омаха шаҳридаги i3 Bank филиалига кириб, икки нафар ходимга қора ярим автоматик тўппонча ўқталган. У пул беришни талаб қилиб, ходимларни ўлдириш билан таҳдид қилган. Натижада у банкдан тахминан 9 175 доллар олиб чиққан.
Бироқ босқинчи ўзини яширишга деярли уринмаган. Кузатув камералари унинг ниқобсиз юзини ва ўзига хос қизил Nike шиппакларини аниқ тасвирга олган. Банк яқинидаги камералар эса унинг машинаси, давлат рақами, кузовидаги асбоблар қутиси ва занглаган жойларигача қайд этган.
Жиноятдан кейин Льюис-Пейн Westroads Mall савдо марказига бориб, ўғирланган пулнинг бир қисмига кийим ва пойабзал харид қилган. Унинг харидлари видеокузатув камералари ҳамда тўлов маълумотлари орқали аниқланган.
Полиция уни қўлга олишга уринганида, Льюис-Пейн қочишга ҳаракат қилган ва йўл-йўлакай ўғирланган пулларнинг бир қисмини ташлаб кетган. Тинтув жараёнида унинг машинаси, кийимлари ва ўша машҳур қизил Nike шиппаклари ҳам топилган. Полиция ўғирланган 9 175 доллардан 2 397 долларини қайтаришга муваффақ бўлган. Қурол эса топилмаган.
Терговнинг энг қизиқ жиҳатларидан бири унинг телефонида аниқланган маълумотлар бўлди. Льюис-Пейн полициянинг воқеа жойига етиб келиш вақти ҳақида, шунингдек, Llama Mini-Max .45 русумли тўппончани қисмларга ажратиш ва таъмирлаш ҳамда ўқ-дори топиш ҳақида ChatGPTдан маълумот сўраган. Унинг Google Maps тарихида эса талончилик содир этилган банкка олиб борувчи йўналиш қидирилгани аниқланган.
Льюис-Пейн полицияга машинани бошқарганини тан олган, аммо банк босқинига алоқаси борлигини рад этган. Шунга қарамай, телефондаги маълумотлар, видеокузатув тасвирлари, харидлар ва бошқа далиллар иш бўйича муҳим аҳамият касб этган.
Суд унга банкни ўмаргани учун 37 ой, жиноят вақтида қурол ишлатгани учун эса қўшимча 84 ой қамоқ жазоси тайинлади. Икки жазо кетма-кет ўталади. Озодликка чиққанидан кейин у яна беш йил давомида назорат остида бўлади.






























Изоҳлар 0
…