Фермер ChatGPTда ўғлини ўлдириш режасини ёзгани учун ҳибсга олинди

Фермер ChatGPTда ўғлини ўлдириш режасини ёзгани учун ҳибсга олинди
ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
  • Бразилияда 36 ёшли фермер саккиз ёшли ўғлини ўлдириш ва бошқа одамларга ҳужум қилиш режалари ҳақида ChatGPT билан ёзишмалари аниқлангач, ҳибсга олинди.
  • OpenAI фойдаланувчининг ёзишмаларига эътибор қаратиб, вазият ҳақида АҚШ Федерал қидирув бюросига хабар берган, сўнгра Америка томони Бразилия расмийларини хабардор қилган.

Бразилияда 36 ёшли фермер саккиз ёшли ўғлини ўлдириш ва бошқа одамларга ҳужум қилиш мавзуларида қарийб икки ой давомида ChatGPT билан ёзишганидан сўнг ҳибсга олинди. Полиция талқинига кўра, мазкур ёзишмалар эҳтимолий жиноятларга тайёргарлик кўрилганини кўрсатиши мумкин. Бу ҳақда BBC Бразилия хизмати хабар берди.

OpenAI фойдаланувчининг ёзишмаларига эътибор қаратиб, вазият ҳақида АҚШ Федерал қидирув бюросига хабар берган. Шундан кейин Америка томони Бразилия расмийларини хабардор қилган. Полиция фермерни 19 июнь куни қўлга олган.

Ҳудудий кибержиноятларга қарши кураш бўлинмаси раҳбари Бренну Андраденинг таъкидлашича, болага нисбатан эҳтимолий таҳдид мавжудлиги сабаб ишга юқори устуворлик берилган.

Терговчиларнинг маълум қилишича, эркак ChatGPT билан суҳбатларида нафақат ўғлини ўлдириш ҳақида, балки мактаблар, черковлар ва полиция ходимларига эҳтимолий ҳужум уюштириш масаласида ҳам ёзишган. Шунингдек, у хавфли моддалар ҳақида маълумот излаган.

Уйидан шубҳали буюмлар топилган

Фермернинг уйида ўтказилган тинтув вақтида полиция бир қатор шубҳали буюмлар ва моддаларни аниқлаган. Ҳозир улар экспертлар томонидан текширилмоқда.

Терговчилар гумондорнинг мобил телефонини ҳам ўрганмоқда. Улар ёзишмаларда тилга олинган режаларни амалга ошириш учун бирор амалий ҳаракат қилинган-қилинмаганини аниқлашга ҳаракат қиляпти.

Полиция маълумотига кўра, эркак ўғли билан кам мулоқот қилган ва асосан алимент тўлаб келган. Терговчилар алимент тўловларидан норозилик эҳтимолий мотивлардан бири бўлиши мумкинлигини ҳам истисно қилмаяпти. Бироқ ҳозирча бу борада якуний хулоса берилмаган.

Фермер айбловларни рад этмоқда

Фермернинг ўзи ўғлига зарар етказиш нияти бўлмаганини билдирган. Унинг адвокати эса ChatGPT билан бўлган суҳбатлар фақат провокацион тарзда олиб борилганини, амалда ҳеч қандай реал ҳаракат содир этилмаганини таъкидламоқда.

Эркак 54 кун ҳибсда сақланган ва 13 август куни озод қилинган. Ҳозирча унга расман айблов қўйилмаган, тергов жараёни эса давом этмоқда.

Озодликка чиққанидан кейин унга электрон билагузук тақиб юриш талаби қўйилган. Шунингдек, у ўғли ва боланинг онаси билан мулоқот қилмаслиги керак.

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар