Райҳон Уласенова ўғлининг севги қиссасини ошкор қилди

Райҳон Уласенова ўғлининг севги қиссасини ошкор қилди
ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
  • Актриса Райҳон Уласенова ўғли Азизбек ва унинг рафиқаси Азизахоннинг севги қиссаси ҳамда кутилмаган совчилик маросими ҳақида интервю берди.
  • Ёшлар 15 ёшида оромгоҳда танишиб, дўстликдан муҳаббатга айланган муносабатларини кейинги йилларда ҳам давом эттирган.
  • Райҳон Уласенова ўғлининг танловини қўллаб-қувватлаганини ва келинини биринчи кўрганда ўз қизи Моҳинурга ўхшатиб ҳайратда қолганини таъкидлади.

Таниқли актриса ва бошловчи Райҳон Уласенова бу йил 7 август куни ўғли Азизбекни уйлантирди. Қайнона мақомига эришган санъаткор тўйдан сўнг илк бор интервью бериб, фарзанди ва келини Азизахоннинг қандай танишгани, муҳаббатлари қандай бошлангани ҳамда тўй олдидан уюштирилган кутилмаган совчилик маросими ҳақида гапирди.

Улар 15 ёшида оромгоҳда танишган

Kelin va kuyov tantanali to‘y marosimida birga yurib borishmoqda.

Райҳон Уласенованинг айтишича, Азизбек ва Азизахон илк бор ёзги болалар оромгоҳида учрашган. Қизиғи, ўша пайтда ҳар иккиси ҳам 15 ёшда бўлгани сабабли оромгоҳга бориши одатий тартиб бўйича мумкин эмас эди. Бироқ ота-оналари улар учун йўлланма олиб беришган.

Ёшлар оромгоҳда танишиб, аввал дўстлашган. Кейинги йилларда ҳам бир неча бор учрашиб, муносабатлари аста-секин самимий дўстликдан муҳаббатга айланган.

Актриса фарзандининг танловини қўллаб-қувватлаганини таъкидлаб, унинг бахтли бўлишини истаганини айтди.

Совчилик учун ҳатто самолёт рейси кечиктирилган

Азизбек ва Азизахоннинг оила қуриш жараёнида совчилик ҳам қизиқ воқеаларга бой бўлган. Райҳон Уласенова бўлажак келинининг оиласи билан дастлаб телефон орқали боғланган.

Совчилик санаси белгиланган вақтда актрисанинг Туркияга учиши керак эди. Бироқ у бўлажак келиннинг оиласи билан учрашишни биринчи ўринга қўйиб, парвоз вақтини ўзгартирган.

Қисқа учрашув бўлиши керак бўлган совчилик эса кутилганидан анча узоқ давом этган. Кейин Азизбек ҳам келиннинг отаси билан суҳбатлашиб, икки оила муносабатларни расмийлаштиришга келишган.

Келинини аввал ўз қизига ўхшатган

Adras va atlas libosdagi uch ayol bog'da birga tushgan surati.

Райҳон Уласенова Азизахоннинг суратини биринчи марта кўрганида ҳайратда қолганини ҳам яширмади. У келиннинг расмини сўраганида, дастлаб уни ўз қизи Моҳинурнинг сурати деб ўйлаган.

Актриса оила аъзолари ҳам Азизахонни кўриб, уни Моҳинурга ўхшатганини айтди. Унинг таъкидлашича, келин бир қарашда уларнинг оиласига жуда ўхшаб кетади.

Тоғдаги кутилмаган «Marry me» маросими

Ёшларнинг никоҳ олдидан ўтказилган «Marry me» маросими ҳам алоҳида сценарий асосида ташкил этилган. Райҳон Уласенова бу тадбирни улар илк бор танишган оромгоҳда ўтказишни истаган.

Азизахон эса бу режадан бутунлай бехабар бўлган. Оила аъзолари турли баҳоналар ўйлаб топиб, уни тоғга олиб чиқишган. Ҳатто йўл давомида кутилмаган қўнғироқ ва баҳоналар ҳам олдиндан режалаштирилган.

Тоғда эса икки оила ёшларни кутиб турган. Азизбек Азизахонга никоҳ таклифини билдирган ва қиз учун бу воқеа ҳақиқий сюрпризга айланган.

Азизбек оила қуришга бир йил тайёрланган

Bitiruv mant

Райҳон Уласенова ўғли уйланиш ниятини 21 ёшида билдирганини айтди. Ўшанда у фарзандидан оиласини таъминлаш ва мустақил ҳаётга тайёр ёки тайёр эмаслигини сўраган.

Азизбек эса ундан бир йил вақт сўраб, пул топиш, жамғариш ва маблағни тўғри сарфлашни ўрганишини айтган.

У Москвада таҳсил олган ва иккинчи курсдан ишлай бошлаган. Вақт ўтиши билан ўз харажатларини мустақил қоплаш, оиласига ва сингилларига совғалар олиб келишни ҳам ўрганган.

Ниҳоят, Азизбек онасига оила қуришга тайёр эканини айтган. Шундан сўнг Райҳон Уласенова ва турмуш ўртоғи совчиликка боришга қарор қилган.

Тўйдаги қўшиқ ижтимоий тармоқларда муҳокама қилинди

Никоҳ оқшомида Азизбекнинг Озодбек Назарбековнинг «Сарсон» қўшиғини берилиб куйлагани акс этган видеолар ижтимоий тармоқларда тарқалди. Бу эса фойдаланувчилар ўртасида турли фикрлар пайдо бўлишига сабаб бўлди.

Айримлар куёвнинг ҳис-туйғуларини очиқ намоён қилганини илиқ қабул қилган бўлса, бошқалар бундай хатти-ҳаракатни маъқулламаган.

Райҳон Уласенова эса ўғлини ҳимоя қилиб, унинг тўйдаги самимий муносабати муҳаббатини очиқ ифодалаш истагидан келиб чиққанини айтди.

Актрисанинг фикрича, фарзандлар кўпроқ ота-онасининг хатти-ҳаракатларидан ўрнак олади. Шу сабабли уларнинг оиласида меҳрни яширмаслик, яқин инсонга ўз ҳис-туйғуларини очиқ билдириш одатий ҳол ҳисобланади.

Райҳон Уласенова фарзандларининг ҳам ана шу муҳитда улғайганини таъкидлаб, Азизбек ва Азизахоннинг бир-бирига бўлган муносабати самимий эканини қайд этди.

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар