Сейшел оролида 180 мингта улкан тошбақа яшаши маълум бўлди

Сейшел оролида 180 мингта улкан тошбақа яшаши маълум бўлди

Ҳинд океанида жойлашган Сейшел оролларидаги Олдabra атоллида улкан тошбақалар сони қарийб 180 мингта экани аниқланди. Янги тадқиқот натижалари бу ҳудуд дунёдаги эркин яшовчи улкан тошбақаларнинг энг йирик маконларидан бири эканини яна бир бор кўрсатди.

The Guardian нашрининг хабар беришича, олимлар 2018–2022 йилларда тўпланган кузатув маълумотларини таҳлил қилиб, атоллда тахминан 180 мингта катта ва вояга етаётган тошбақа борлигини ҳисоблаган. Бу кўрсаткич аввалги тадқиқотларда қайд этилган рақамлардан анча юқори.

Қизиғи, ушбу тошбақалар сони Сейшел оролларининг бутун аҳолиси сонидан ҳам кўп. Мамлакатда одамлар сони тахминан 135 минг нафарни ташкил этади.

Тошбақалар сони қандай қилиб бунчалик кўпайди?

Олимларнинг таъкидлашича, бу натижа табиатни муҳофаза қилиш бўйича кўп йиллик саъй-ҳаракатлар самарасини кўрсатади. XIX асрда овлаш ва бошқа инсон фаолияти туфайли Олдabra атоллидаги улкан тошбақалар сони 1 мингтадан ҳам камайиб кетган эди.

Кейинчалик ҳудудни муҳофаза қилиш чоралари кучайтирилди. 1982 йилда эса атолл ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилди. Шу тариқа ноёб ҳайвонларнинг табиий яшаш муҳитини сақлаб қолишга катта эътибор қаратилди.

Тадқиқотчиларнинг фикрича, аввалги ҳисоб-китобларда айрим тошбақалар кўздан қочиб кетган бўлиши мумкин. Янги усуллар эса ўсимликлар орасида ёки узоқроқ ҳудудларда яширинган ҳайвонларнинг тахминий сонини ҳам ҳисобга олиш имконини берган.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар