Лондонда кўчада ҳушсиз ҳолда топилган БАА қироллик оиласи вакили судланди

Лондонда кўчада ҳушсиз ҳолда топилган БАА қироллик оиласи вакили судланди
ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
  • БАА қироллик оиласи билан алоқадор 32 ёшли Маҳраҳ ал Наҳаён, Лондон кўчасида ҳушсиз ҳолда топилиб, уч ёшли боласини назорациз қолдиргани учун судланди.
  • Унинг ёнида ҳам бир эркак ҳушсиз бўлган, бола эса ҳаракатланаётган автомобиллар яқинида ялангоёқ ҳолда қолган.
  • Судда Маҳраҳ ал Наҳаён ҳодисадан олдинги кунларда кокаин истеъмол қилганини тан олган, аммо воқеа куни наркотик қабул қилмаганини айтган.

Лондон кўчаларидан бирида ҳушсиз ҳолатда топилган, БААнинг Абу-Даби қироллик оиласи билан қариндошлик алоқасига эга 32 ёшли Маҳраҳ ал Наҳаён болага қарашда бепарволик қилгани учун судланди. Бу ҳақда The Times хабар берди.

Маълум қилинишича, воқеа 2026 йил 13 июнь куни Лондоннинг ғарбий қисмида содир бўлган. Аёл серқатнов йўл яқинидаги панжара ёнида ҳушсиз ҳолатда топилган. Унинг ёнида яна бир эркак ҳам ҳушсиз ётган, уч ёшли бола эса ялангоёқ ҳолда ҳаракатланаётган автомобиллар яқинида назоратсиз қолган.

Воқеани кўрган ўткинчи­лар болага ёрдам бериб, полицияни чақирган. Аёл тахминан 30 дақиқа давомида ҳушсиз ҳолатда бўлган. Полиция унинг сумкаларидан наркотик истеъмолига оид ашёларни топган, аммо тақиқланган моддалар аниқланмаган.

Судда Маҳраҳ ал Наҳаён ҳодисадан олдинги кунларда кокаин истеъмол қилгани маълум бўлди. Бироқ унинг ҳимоячиси аёл воқеа куни наркотик қабул қилмаганини, аввалги кунлардаги истеъмол туфайли қаттиқ чарчаганини айтди. Ҳодисадан кейин у наркотикка қарамликдан даволанишни бошлаган.

Суд аёлга икки йиллик жамоат назорати жазосини тайинлаб, уни реабилитация дастурида иштирок этишга мажбур қилди. Шунингдек, унга жами 6 114 фунт стерлинг миқдорида жарима ва суд харажатларини тўлаш белгиланди.

Судьянинг таъкидлашича, ўткинчи­лар аралашмаганида, бола жиддий жароҳат олиши ёки бошқа хавфларга дуч келиши мумкин эди. Судда боланинг ҳаракатланаётган автомобилларга яқин жойда назоратсиз қолгани алоҳида қайд этилди.

Маҳраҳ ал Наҳаён айбини тан олган. Унинг адвокати аёл қилган ишидан пушаймон эканини ва қарамликни енгиш учун даволанишни давом эттиришга қатъий қарор қилганини билдирган.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар