Хабиб Нурмагомедов аралашдими? Усман ва унинг жамоадошлари қамоқдан озод қилинди

ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
- Абу-Дабида Мераб Двалишвили билан юз берган оммавий муштлашувдан кейин олти ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилинган ПФЛ чемпиони Усман Нурмагомедов ва унинг етти нафар ҳамроҳи суд қарори билан озодликка чиқди.
- Суд томонларнинг ярашуви, жабрланувчиларнинг даъволаридан воз кечиши ва уларни озод қилиш ҳақидаги мурожаатлари сабабли жазони енгиллаштириб, жарима миқдорини 300 минг дирҳамдан 150 минг дирҳамга туширди.
Абу-Дабида Мераб Двалишвили билан юз берган оммавий муштлашувдан кейин олти ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилинган PFL чемпиони Усман Нурмагомедов ва унинг жамоадошлари озодликка чиқди. Суд жазони енгиллаштириб, ҳар бир маҳкум учун белгиланган жаримани ҳам икки бараварга камайтирди.
Эътиборлиси, бу қарорга можаро иштирокчилари ўртасидаги ярашув, жабрланувчиларнинг даъволаридан воз кечиши ва уларни озод қилиш ҳақидаги мурожаатлар сабаб бўлган. Шу билан бирга, Усманнинг озодликка чиқишида унинг амакиваччаси, UFC афсонаси Хабиб Нурмагомедов ҳам муҳим роль ўйнаган бўлиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалди.
Олти ойлик қамоқ жазоси бир неча кун ичида бекор қилинди
17 ноябрь куни Абу-Даби суди Усман Нурмагомедов ва унинг етти нафар ҳамроҳига нисбатан аввал чиқарилган ҳукмни қайта кўриб чиқди. Натижада улар қамоқдан озод этилди.
Дастлаб спортчилар олти ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилинган, шунингдек, ҳар бирига 300 минг дирҳам — тахминан 81,7 минг доллар миқдорида жарима белгиланган эди.
Янги қарорга кўра, жарима миқдори 150 минг дирҳамга — тахминан 40,8 минг долларга туширилди. Демак, ҳар бир маҳкум учун молиявий жазо икки баравар енгиллаштирилди.
Абу-Даби суд органлари билдиришича, қарор қабул қилинишига томонларнинг ярашуви, ўзаро даъволардан воз кечилиши ҳамда жабрланувчиларнинг маҳкумларни озод қилиш ҳақидаги мурожаати асос бўлган.
Хабиб Нурмагомедов шахсан БААга борганми?
Усманнинг озодликка чиқиши ортидан энг кўп муҳокама қилинаётган саволлардан бири — Хабиб Нурмагомедов бу жараёнга қай даражада таъсир кўрсатгани бўлмоқда.
Россия ОАВ ва ММА оламидаги айрим манбалар тарқатган хабарларга кўра, UFC собиқ чемпиони яқин қариндоши ва унинг жамоадошларини озод қилиш масаласида ёрдам бериш учун БААга борган. Айтилишича, дастлаб Усманнинг атрофидагилар муаммони мустақил ҳал қилишга уринган, кейин эса Хабибдан кўмак сўралган.
Хабарларда Хабиб аввал UFC раҳбари Дана Уайт ва америкалик ҳамкорлари орқали вазиятга ечим топишга ҳаракат қилгани, бу уринишлар натижа бермагач, маҳаллий расмийлар билан шахсан музокара ўтказишга киришгани таъкидланади.
Қолаверса, Усман озодликка чиқиши арафасида Хабибнинг БААда кўриниш бергани ҳам ушбу тахминларга сабаб бўлди. Сайгид Изагахмаев ижтимоий тармоқларда эълон қилган видеода Хабибнинг кайфияти яхши эканини кўриш мумкин.
Бироқ муҳим жиҳат бор: Хабибнинг суд қарорига бевосита таъсир кўрсатгани ёки озодликка чиқариш бўйича музокараларда иштирок этгани ҳозирча расман тасдиқланмаган.
Мераб Двалишвили ҳам уларнинг озод этилишини сўраган
Мазкур можарода жабрланувчи томонда бўлган UFC собиқ чемпиони Мераб Двалишвили ҳам Усман ва унинг ҳамроҳларига нисбатан енгиллик беришни сўраган.
Грузиялик жангчи RAF турниридаги ғалабасидан кейин БАА расмийларига мурожаат қилиб, қамоқда қолган спортчиларни озод қилиш тарафдори эканини билдирган. Унинг таъкидлашича, шахсий келишмовчиликларга қарамай, барча иштирокчиларнинг озодликка чиқишини хоҳлайди.
Бу мурожаат суд қарорида қайд этилган жабрланувчиларнинг озод қилиш ҳақидаги илтимоси билан ҳамоҳанг бўлди. Шу тариқа, Двалишвилининг позицияси ҳам воқеа ривожига таъсир қилган муҳим омиллардан бири сифатида тилга олинмоқда.
Можаро Усманнинг UFC'га ўтиш режаларига таъсир қиладими?
Усман Нурмагомедовнинг қамоққа олиниши унинг спортдаги келажаги борасида ҳам саволлар пайдо қилган эди. PFL енгил вазн тоифаси чемпионининг UFC'га ўтиши эҳтимоли аввалдан муҳокама қилиб келинган, унинг Илия Топурия билан эҳтимолий тўқнашуви ҳам ММА мухлисларида катта қизиқиш уйғотган.
Бироқ Абу-Дабидаги воқеадан кейин бундай режалар қандай ўзгариши ҳозирча номаълум. PFL раҳбарияти Усман билан ҳамкорликни давом эттириш имкониятига очиқ эканини билдирган. Унинг UFC'га ўтиши борасида эса расмий келишув ҳақида маълумот йўқ.
Умар Нурмагомедов ва Тагир Уланбековнинг UFC'даги фаолиятига ҳам можаро қандай таъсир қилиши ҳозирча аниқ эмас. Промоушен томонидан уларга нисбатан қўшимча интизомий чоралар эълон қилингани ҳақида маълумот берилмаган.
Можаронинг иккинчи томонида бўлган Саба Лазишвили эса воқеадан кейин спорт оламида анча танилди. У RAF турнирида UFC афсонаси Урайя Фаберга қарши кураш тушиб, 12:7 ҳисобида ғалаба қозонди. Бу натижа унинг номини кенгроқ аудиторияга олиб чиқди.
Абу-Дабидаги муштлашув қандай бошланган эди?
Фожиали оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган бу можаро 11 ноябрь куни Абу-Дабидаги Яс оролида жойлашган меҳмонхона лоббисида содир бўлган.
Мераб Двалишвили ижтимоий тармоқлар учун видео олаётган пайтда Усман Нурмагомедов ва унинг ҳамроҳлари унинг ёнига келган. Тарқалган видеоларда Усман грузиялик жангчининг юзига тарсаки туширгани, шундан сўнг икки томон вакиллари ўртасида оммавий муштлашув бошлангани акс этган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар воқеа иштирокчиларини қўлга олган. 13 ноябрь куни суд бир қатор шахсларга олти ойлик қамоқ жазоси, 300 минг дирҳам жарима ва жазо муддати тугагач, мамлакатдан чиқариб юбориш чорасини белгилаган эди.
Энди эса янги суд қарори билан Усман ва унинг етти ҳамроҳи қамоқдан озод қилинди, жарима миқдори ҳам икки бараварга камайтирилди.
Шундай қилиб, бир неча кун аввал ММА оламида катта шов-шувга сабаб бўлган можаронинг энг муҳим босқичи якунланди. Аммо бу воқеа Усман Нурмагомедовнинг келгуси фаолиятига қандай таъсир қилиши, Хабибнинг музокараларда ҳақиқатан ҳам иштирок этган-этмагани ҳали ҳам очиқ савол бўлиб қолмоқда.
Обуна билан реклама бўлмайди
Zamin Premium — ойига 4 900 сўм
Мавзуга оид янгиликлар

































Изоҳлар0
…