Олимлар попкорн ҳидини таратадиган янги помидор яратишди

ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
- Хитой ва Австралия олимлари генетик таҳрирлаш ёрдамида попкорн ҳидига эга бўлган помидор яратди.
- Тадқиқотчилар SlBADH1 ва SlBADH2 генларини КРИСPR/Cas9 технологияси билан ўзгартириб, помидорда 2-ацетил-1-пирролин (2-AP) молекуласининг тўрт баравардан кўпроқ кўпайишига эришди.
- Ушбу генетик ўзгаришлар помидорнинг асосий агрономик хусусиятларига салбий таъсир кўрсатмаган, яни ҳосилдорлик ва сифат сақланиб қолган.
Хитой ва Австралия олимлари генетик таҳрирлаш технологияси ёрдамида попкорн ҳидини эслатувчи хушбўй помидорнинг илк намунасини яратди. Мутахассислар ушбу ишланма сабзавотларнинг хушбўйлигини ошириш ва таъм хусусиятларини бойитиш учун янги имкониятлар очиши мумкинлигини таъкидламоқда.
Помидор (Solanum lycopersicum) дунёда энг кўп етиштириладиган ва истеъмол қилинадиган сабзавотлардан бири ҳисобланади. Бироқ асрлар давомида ҳосилдорлик, касалликларга чидамлилик ва меваларнинг бир хил кўринишини таъминлашга қаратилган селекция ишлари унинг табиий хушбўйлигини пасайтирган. Олимлар эса генларни таҳрирлаш орқали помидорнинг ушбу салоҳиятини қайта намоён этишга муваффақ бўлди.
Тадқиқотчилар хушбўй гуручга попкорн ҳидини берувчи 2-ацетил-1-пирролин (2-AP) молекуласига эътибор қаратди. Улар помидорнинг Alisa Craig навидаги SlBADH1 ва SlBADH2 генларини CRISPR/Cas9 технологияси ёрдамида фаолиятдан чиқарди.
Натижада SlBADH2 генидаги мутация 2-AP миқдорини сезиларли оширди. Ҳар икки ген бир вақтда фаолиятдан чиқарилганда эса мазкур модда миқдори оддий помидорга нисбатан тўрт баравардан кўпроқ кўпайди. Бу икки ген ўртасида ўзаро таъсир мавжудлигини кўрсатди.
Хитойдаги Сянху лабораторияси профессори Шэнчунь Сюй Journal of Integrative Agriculture журналида чоп этилган тадқиқотда олимлар дастлаб помидор геномини ўрганиб, SlBADH1 ва SlBADH2 генларини аниқлаганини маълум қилди. Кейин Alisa Craig навида ушбу генларни алоҳида ва биргаликда фаолиятдан чиқариш бўйича тажрибалар ўтказилди.

Муҳими, генетик ўзгаришлар помидорнинг асосий агрономик хусусиятларига салбий таъсир кўрсатмади. Ўсимликнинг гуллаш вақти, бўйи, мева вазни, эрувчан шакарлар, органик кислоталар ва С витамини миқдорида сезиларли ўзгаришлар кузатилмади.
Олимлар бу натижани ҳосилдорликни пасайтирмаган ҳолда помидор хушбўйлигини ошириш йўлидаги муҳим қадам деб баҳоламоқда. Келгусида бундай технологиялар орқали истеъмолчиларнинг талабига мос, ўзига хос ҳид ва таъмга эга сабзавот навларини яратиш мумкин.
Попкорн ҳидли помидор барча истеъмолчиларга ҳам ёқмаслиги мумкин. Бироқ тадқиқотчилар хушбўйлиги кучайтирилган маҳсулотлар қишлоқ хўжалиги бозорида янги имкониятлар яратишига ишонмоқда.
Тадқиқот ҳаммуаллифи, Сянху лабораторияси доценти Пэн Чжэннинг айтишича, ҳозирда ушбу хушбўйлик хусусиятини тижорат учун мўлжалланган помидор навларига ўтказиш ишлари давом этмоқда. Олимлар бу орқали маҳсулотнинг таъм хусусиятларини бойитиш, истеъмолчилар қизиқишини ошириш ва бозор қийматини кўтаришни мақсад қилган. Мутахассислар ушбу ёндашувни хушбўй гуруч навларини яратиш тажрибасига ўхшатмоқда.






























Изоҳлар 0
…