Испанияда 20 мингдан ортиқ одам помидор жангини уюштирди

Испаниянинг Буньол шаҳрида дунёдаги энг машҳур ва ғайриоддий фестиваллардан бири — La Tomatina бўлиб ўтди. Анъанавий помидор жангида 20 мингдан ортиқ киши иштирок этди.
26 август куни ўтказилган 79-La Tomatina фестивали давомида иштирокчиларга 165 тоннагача пишиб кетган помидор отилди. Испания манбаларида эса фестиваль учун 150 минг килограмм помидор тайёрлангани қайд этилган.
Бир соатдан сал кўпроқ давом этган томоша натижасида Буньол кўчалари қизил тусга кирди. Помидор ортилган юк машиналари шаҳар марказидан ҳаракатланиб, иштирокчиларга маҳсулот тарқатган. Фестиваль якунланганидан кейин кўчалар махсус техникалар ёрдамида ювиб тозаланган.

La Tomatinaнинг тарихи 1945 йилга бориб тақалади. Ўша йили шаҳардаги сайил пайтида ёшлар ўртасида жанжал келиб чиққан ва улар бир-бирига помидор ота бошлаган. Кейинчалик бу воқеа анъанага айланган. Фестиваль Франсиско Франко даврида бир муддат тақиқланган, аммо 1980 йилларда қайта тикланиб, халқаро миқёсда машҳур тадбирга айланган.

Фестиваль ҳар йили август ойининг сўнгги чоршанба куни Буньол шаҳрида ўтказилади.






























Изоҳлар 0
…