Ҳомиладорликда юзи кескин ўзгарган аёлнинг ҳикояси ҳаммани ҳайратга солди

Ҳомиладорликда юзи кескин ўзгарган аёлнинг ҳикояси ҳаммани ҳайратга солди
ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
  • Малайзиялик 28 ёшли маркетинг менежери Фараҳ Файзал ҳомиладорлик даврида юз терисида юз берган кескин ўзгаришлар, жумладан, чуқур ажинлар ва йирингли тошмалар ҳақида ижтимоий тармоқларда ўз ҳикоясини бўлишди.
  • Ушбу жисмоний ўзгаришлар аёлга руҳий жиҳатдан қаттиқ таъсир қилган бўлса-да, турмуш ўртоғининг қўллаб-қувватлаши унга катта ёрдам берди.

Малайзиялик 28 ёшли Фараҳ Файзал ҳомиладорлик даврида юз терисида юз берган кескин ўзгаришлар ҳақида сўзлаб берди. Унинг юзида ажинлар, кучли яллиғланиш ва йирингли тошмалар пайдо бўлган. Бу оғир даврда турмуш ўртоғининг қўллаб-қувватлаши унга катта ёрдам берган.

Теридаги ўзгаришлар руҳий жиҳатдан ҳам қийнади

Малайзияда маркетинг менежери бўлиб ишлайдиган Фараҳ июнь ойининг охирида ҳомиладорлик пайтидаги ташқи кўриниши акс этган суратни ижтимоий тармоққа жойлаштирган. Унинг юзида чуқур ажинлар, катталашган бурун ва қулоқлар, кўплаб йирингли тошмалар кўзга ташланган.

Аёлнинг айтишича, йиллар давомида фойдаланган тери парвариши воситалари энди ёрдам бермаган. Ҳомиладорликнинг сўнгги босқичларида аҳволи янада оғирлашиб, ҳар куни эрталаб юзида янги тошмалар пайдо бўлган, териси қичишиб, яллиғланган.

Бу ўзгаришлар Фараҳга руҳий жиҳатдан ҳам қаттиқ таъсир қилган. У 1 август куни ижтимоий тармоқдаги саҳифасида шундай ёзган:

«Мен тўққиз ойлик оғир даврни бошдан кечирдим, юзимдаги ўзгаришлар сабаб кўп йиғладим. Энди эса фарзандли онаман. Тикланиш жараёни ҳали ҳам давом этмоқда».

Фараҳ турмуш ўртоғи унинг қўрқувларини енгишида ва руҳий барқарорлигини сақлашда муҳим ўрин тутганини таъкидлаган.

Beretka kiygan qiz turli suratlar bilan qoplangan devor oldida turibdi.

«Эрим — менинг осойишта масканим. У мени тинчлантиради ва доимо гўзал, кучли ҳамда меҳрга муносиб эканимни эслатиб туради», — деган аёл.

Фарзанди дунёга келганидан сўнг Фараҳнинг ҳолати сезиларли даражада яхшиланган. Яқинда эълон қилинган суратларда юздаги яллиғланиш ва тошмалар анча камайгани кўринади. Аёл териси тўлиқ тикланиб, аввалги ҳолатига қайтишидан умид қилмоқда.

Бироқ унинг ҳикояси ижтимоий тармоқларда турли муносабатларга сабаб бўлди. Минглаб фойдаланувчилар уни қўллаб-қувватлаган бўлса, айримлар шахсий ҳаётини ошкор қилгани учун танқид қилди. Бошқалар эса суратларини фотошопда ўзгартирганини даъво қилди.

Салбий изоҳлардан сўнг Фараҳ соғлиғи ҳақидаги маълумотларни ижтимоий тармоқларда бошқа батафсил ёритмасликка қарор қилди. Унинг таъкидлашича, мақсади ҳомиладорлик даврида аёллар танаси, териси ва ҳис-туйғуларида юз бериши мумкин бўлган ўзгаришларга эътибор қаратиш бўлган.

«Мен ҳеч кимга изоҳ беришга мажбур эмасман. Аммо одамлар ҳомиладорлик гормонлари аёл организмига қандай таъсир қилишини тушунмаганида, бу менинг руҳий саломатлигимга ҳам таъсир қилади», — деб ёзган у.

Аввалроқ ҳомиладорлик даврида ташқи кўриниши кескин ўзгарган хитойлик Ли Вэй ҳақида ҳам хабар берилган эди. Бу каби воқеалар ҳомиладорлик пайтидаги ўзгаришлар аёлларга нафақат жисмоний, балки руҳий жиҳатдан ҳам таъсир қилиши мумкинлигини кўрсатади.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар