Австралияда марҳумларни тупроққа айлантиришга қонунан рухсат берилди

Австралияда марҳумларни тупроққа айлантиришга қонунан рухсат берилди
ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
  • Янги Жанубий Уелс штатида марҳумларнинг танасини махсус жараён орқали унумдор тупроққа айлантиришга рухсат берувчи қонун қабул қилинди.
  • Мустақил депутат Алекс Гринвич томонидан илгари сурилган ушбу ташаббус анъанавий дафн ва кремацияга нисбатан экологик жиҳатдан қулай ҳамда арзонроқ муқобил ҳисобланади.
  • Инсон танасини компостлаш деб аталувчи ушбу жараён 40–60 кун давом этиб, натижада олинган тупроқ марҳумнинг яқинларига топширилади.

Австралияда дафн маросимларига нисбатан ғайриоддий муқобил усул жорий этилмоқда. Янги Жанубий Уэлс штатида марҳумларни махсус жараён орқали унумдор тупроққа айлантиришга рухсат берувчи қонун қабул қилинди. Янги тартибга кўра, аҳоли 2028 йилдан бошлаб ушбу усулдан фойдаланиши мумкин бўлади.

The Sydney Morning Herald нашри хабар беришича, мазкур ташаббус анъанавий дафн ва кремацияга нисбатан арзонроқ ҳамда экологик жиҳатдан қулайроқ муқобилни таклиф этишга қаратилган. Қонун лойиҳасини мустақил депутат Алекс Гринвич илгари сурган.

Марҳум қандай қилиб тупроққа айлантирилади?

Ушбу усул терраформация ёки инсон танасини компостлаш деб аталади. Жараёнда марҳумнинг танаси сомон, пичан ва гулбарглари каби табиий материаллар билан бирга махсус герметик контейнерга жойлаштирилади.

Контейнер ичида 40–60 кун давомида ҳаво айланиши таъминланади. Натижада органик моддалар парчаланиб, ўсимликлар етиштиришда фойдаланиш мумкин бўлган унумдор тупроқ ҳосил бўлади. Тайёр маҳсулот марҳумнинг яқинларига топширилади.

Нега бу усулга эҳтиёж пайдо бўлди?

Янги дафн усулини қўллаб-қувватлаётганлар унинг бир нечта афзаллигини таъкидламоқда. Биринчидан, бундай жараён учун анъанавий қабристонда алоҳида ер майдони ажратиш талаб қилинмайди. Бу қабристонлар учун жой етишмаётган ҳудудларда муҳим аҳамиятга эга.

Иккинчидан, терраформация кремацияга нисбатан камроқ иссиқхона газлари чиқариши мумкин. Шунингдек, мазкур усул оддий дафн маросимига қараганда арзонроқ бўлиши кутилмоқда. Австралияда анъанавий дафн харажатлари 50 минг долларгача етиши мумкинлиги қайд этилган.

Янги тартиб қачон кучга киради?

Австралияда ушбу хизматни кўрсатиш учун санитария ва экологик талабларга жавоб берадиган махсус лицензияланган марказлар ташкил этилиши режалаштирилган. Улар 2028 йилгача ишга туширилиши кутилмоқда.

Мазкур қарор Австралияда ва жанубий яримшарда ушбу дафн усулини қонунийлаштириш бўйича илк қадамлардан бири сифатида баҳоланмоқда. Дунёда эса инсон танасини компостлашга айрим АҚШ штатлари ва Германиянинг Шлесвиг-Гольштейн ҳудудида ҳам рухсат берилган.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар