Европа давлатлари қишки вақтга ўтиб, соатларни бир соат орқага сурди

Европа давлатлари қишки вақтга ўтиб, соатларни бир соат орқага сурди

Европа Иттифоқи мамлакатлари 25 октябрга ўтар кечаси қишки вақтга ўтди. Шу муносабат билан соат миллари бир соат орқага сурилди. Бу ҳақда «Deutsche Welle» хабар берди.

Қайд этилишича, Европа Иттифоқи давлатларида вақтни ўзгартириш белгиланган тартиб асосида амалга оширилган. Жумладан, Брюсселда соат 03:00 бўлганида миллар бир соат орқага қайтарилиб, 02:00 қилиб белгиланган. Бу орқали мамлакатлар қишки вақт режимига ўтган.

Маълумот учун, Европа Иттифоқида ёзги ва қишки вақтга ўтишнинг ягона қоидаси 1996 йилдан буён амал қилиб келади. Унга кўра, март ойининг охирги якшанбасида соат миллари бир соат олдинга сурилади, октябрь ойининг охирги якшанбасида эса яна бир соат орқага қайтарилади.

Бироқ вақтни мавсумга қараб ўзгартириш тизимидан воз кечиш масаласи бир неча йилдан бери муҳокама қилиб келинмоқда. 2019 йилда Европа парламенти соат милларини алмаштириш амалиётини бекор қилиш таклифини қўллаб-қувватлаган. Шунга қарамай, Европа Иттифоқи мамлакатлари бу масалада ҳозиргача ягона қарорга кела олмаган.

Европа Иттифоқи ҳудудида жами учта вақт минтақаси мавжуд. Ирландия ва Португалияда Гринвич вақти қўлланилади. Финляндия ва Болтиқбўйи мамлакатларини ҳам ўз ичига олган саккизта ЕИ давлатида Шарқий Европа вақти амал қилади, у Гринвич вақтидан икки соат олдинда.

Европа Иттифоқининг қолган мамлакатларида, жумладан, Германияда эса Марказий Европа вақтидан фойдаланилади. Бу вақт минтақаси Гринвич вақтидан бир соат олдинда ҳисобланади.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар