Қирғизистонда Бишкекдаги тирбандликлар сабаб пойтахт кўчирилиши мумкин

ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
- Қирғизистон парламенти депутати Нурбек Сидигалиев Бишкек шаҳридаги тирбандликларни бартараф этиш учун пойтахтни бошқа ҳудудга кўчириш таклифини илгари сурди.
- Депутат мазкур муаммони ҳал қилиш учун Ўш шаҳри тажрибасига таяниб, Бишкекда йўл ўтказгичлар ва кўприклар қурилишини кенгайтиришни тавсия қилди.
- Ўз навбатида, шаҳар мери Айбек Жунушалиев пойтахтда йўл инфратузилмасини яхшилаш бўйича ишлар бошланганини маълум қилди.
Қирғизистон парламенти депутати Нурбек Сидигалиев Бишкек шаҳрида тобора кучайиб бораётган тирбандликлар муаммосига ечим сифатида мамлакат пойтахтини бошқа ҳудудга кўчириш таклифини илгари сурди. Унинг фикрича, вазиятни яхшилаш учун шаҳарда йўл ўтказгичлар ва кўприклар қурилишини ҳам кенгайтириш зарур. Бу ҳақда «Kaktus.media» хабар берди.
18 ноябрь куни Жогорку Кенеш йиғилишида сўзга чиққан депутат ҳамкасблари билан Ўш шаҳрига ташрифи давомида у ерда янги кўприклар қурилаётганини кўрганини айтди. Ушбу тажрибани Бишкекда ҳам қўллаш мумкинлигини таъкидлаб, шаҳар мэриясига гавжум чорраҳаларда йўл ўтказгичлар барпо этишни тавсия қилди.
Хусусан, депутат Чўй шоҳкўчаси, шунингдек, Токомбаев ва Абрахманов кўчалари кесишмасида шундай иншоотлар қуриш зарурлигини билдирди. Унинг таъкидлашича, бу каби лойиҳалар шаҳардаги транспорт ҳаракатини енгиллаштириш ва тирбандликларни камайтиришга ёрдам бериши мумкин.
Сидигалиев Ўш шаҳрида барпо этилган кўприклардан бирининг қурилиши қанча маблағ талаб қилгани билан ҳам қизиқди. Бунга жавобан Қирғизистон қурилиш, архитектура ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Нурдан Ўрунтаева эстакада кўприклари дастлаб зарур ҳужжатлар тўлиқ расмийлаштирилмасдан қурила бошлаганини маълум қилди. Ҳозирда эса тегишли ҳужжатлар тайёрланаётгани ва қурилиш харажатлари ҳисоблаб чиқилаётганини айтди.
Бишкек мэри Айбек Жунушалиев ҳам пойтахтда шунга ўхшаш кўприклар қурилиши бошланганини таъкидлади. У бунга Молодая Гвардия шоҳкўчаси ва Л. Толстой кўчаси кесишмасида амалга оширилаётган қурилишни мисол қилиб келтирди. Шунингдек, келаси йили Жанубий магистралда ҳам йўл ўтказгич барпо этиш ишларини бошлаш режалаштирилаётганини билдирди.
Депутат эса Ўш шаҳридаги йўллар ва кўприклар қурилишини ижобий баҳолаб, Бишкекда ҳам бундай тажрибани кенг жорий этиш кераклигини айтди.
«У ерда йўллар ва кўприклар жуда яхши қурилган. Бу ерда ҳам шундай қилиш керак, акс ҳолда тирбандлик муаммосини ҳал қила олмаймиз. Вазият кундан кунга ёмонлашмоқда. Муаммони шу йўл билан ҳал қилиш ёки пойтахтни кўчириш керак», — деди Сидигалиев.
Бунга жавобан Бишкек мэри Айбек Жунушалиев пойтахт бошқа ҳудудга кўчирилган тақдирда, аҳоли ҳам янги маъмурий марказга кўчиб боришини таъкидлади.
Бироқ депутат бу фикрга қўшилмади. Унинг айтишича, пойтахт кўчирилган тақдирда ҳам аҳолининг бир қисми Бишкекда яшашда давом этади.
Сидигалиев шаҳардаги тирбандликларнинг яна бир сабаби сифатида марказий ҳудудларда кўп қаватли уйлар қурилишига рухсат берилганини кўрсатди. Унинг фикрича, бундай биноларни шаҳар марказида эмас, балки Сокулук ва Иссиқ-Ота томонларда қуриш мақсадга мувофиқ бўларди.
Ҳозирча пойтахтни кўчириш бўйича расмий қарор қабул қилинмаган. Бу масала депутат томонидан тирбандлик муаммосига ечим сифатида билдирилган таклиф бўлиб қолмоқда.
Обуна билан реклама бўлмайди
Zamin Premium — ойига 4 900 сўм
Мавзуга оид янгиликлар
































Изоҳлар0
…