14:04 / 02.10.2020
1 571

Трамп ва рафиқасида коронавирус аниқланди

Трамп ва рафиқасида коронавирус аниқланди
Фото: Reuters
АҚШ президенти Дональд Трамп коронавирусни аниқлаш бўйича топширган тести натижаси мусбат бўлгани ҳақида хабар берди. Унинг рафиқаси Меланияда ҳам Covid-19дан зарарланиш ҳолати қайд этилган. Аввалроқ Трампга сўнгги сафарларида ҳамроҳлик қилган маслаҳатчиларидан бирида коронавирус аниқланганди.

«Бугун биринчи хоним ва мен COVID-19’га топширган тест мусбат натижа кўрсатди. Биз дарҳол карантинга олинамиз ва даволанишни бошлаймиз. Биз бундан биргаликда ўтамиз!», деб ёзди Трамп твиттерида.

Бунгача бир неча соат олдин АҚШ президенти «карантин» жараёнини бошлашга тайёрлигини хабар қилганди - унинг яқин маслаҳатчиларидан бири, унга Кливленд ва Миннесотадаги сайловолди сафарларида ҳамроҳлик қилган Ҳоуп Ҳиксда коронавирусдан зарарланиш ҳолати тасдиқланганди.

Трамп бу хабарни «қўрқинчли» деб атаган ва унинг оиласи тест натижаларини кутаётганини маълум қилганди.
Трампнинг даволовчи шифокори Шон Конли у президентлик вазифаларини бажаришга лаёқатли эканини айтиб ўтган.

«Мен президент Трамп ва биринчи хоним Мелания Трампнинг SARS-CoV-2 вирусига тести натижаси мусбат чиққани ҳақида хабар олдим. Президент ва биринчи леди айни вақтда ўзларини жуда яхши ҳис қилишмоқда, улар соғайгунча Оқ уйда қолишни режалаштиришган», дейилади Оқ уй томонидан тарқатилган шифокор мактубида.

«Шубҳа қилмасангиз ҳам бўлади, президент соғайиш жараёнида ўз мажбуриятларини бажаришда давом этади», дея қўшимча қилган шифокор.

Trump Organization’да Трампга ёрдамчилик қилган, кейин Оқ уйда коммуникациялар бўйича президент маслаҳатчисига айланган Ҳоуп Ҳикс шу ҳафтада Оҳайо штатининг Кливленд шаҳрида ўтказилган илк дебатларда президентга ҳамроҳлик қилган, кейинги куни эса у билан бирга Миннесотага учганди.

Самолёт бортида улардан ташқари катта маслаҳатчи - президентнинг куёви Жаред Кушнер, Оқ уйда ижтимоий медиа масалалари бўйича маслаҳатчи Дэн Скавино ва президент маъмуриятининг бошқа ходимлари ҳам бўлишган.

Америка нашрларининг қайд этишича, Жо Байден билан дебат вақтида АҚШ президенти жамоаси аъзолари ҳимоя ниқоблари тақишмаганди.

Ҳозирча АҚШ президенти карантинни қай тартибда ўтказиши маълум эмас. Америка юқумли касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш бўйича марказ кўрсатмасига кўра, коронавирусга тести натижаси мусбат чиққанлар 14 кун давомида яшаш жойини тарк этмаслиги ва у сўнгги вақтларда алоқада бўлган барча шахслар ҳақида маълумотларни тақдим этиши керак бўлади.

Коронавирус юқтириш ҳолатлари Оқ уйда бир неча бор қайд этилган. Май ойида коронавирус АҚШ вице-президенти Майкл Пенснинг ўша пайтдаги матбуот котиби Кэти Миллерда аниқланди, июль ойи охирида эса АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича ёрдамчиси Роберт О'Брайенда қайд этилди. Иккала амалдор ҳам соғайиб, ишга қайтишди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Трамп ва рафиқасида коронавирус аниқланди