Қаршида клиникага оёғидаги оғриқдан шикоят қилиб борган эркак вафот этди

Қаршида клиникага оёғидаги оғриқдан шикоят қилиб борган эркак вафот этди

Қаршида оёғидаги оғриқдан шикоят қилиб, хусусий клиникага мурожаат қилган эркак вафот этди. 2025 йил апрель ойида содир бўлган ушбу ҳолат юзасидан суд ҳукми ўқилиб, икки нафар шифокорга жазо тайинланди.

Суд ҳужжатларида қайд этилишича, эркакка хусусий клиника раҳбари томонидан муолажалар ва дори воситалари тавсия қилинган. Шундан сўнг беморда дори воситасининг ножўя таъсири оқибатида оғир аллергик реакция — анафилактик шок юзага келган.

Беморнинг аҳволи кескин ёмонлашгач, тез ёрдам чақирилган. Бироқ тез ёрдам шифокори унинг ҳолатини тўғри баҳоламай, бошқа ташхис қўйган ҳамда беморни реанимация бўлими мавжуд тиббиёт муассасасига олиб бориш чораларини кўрмаган.

Шундан кейин эркакнинг аҳволи янада оғирлашиб, у хусусий клиникада вафот этган.

Суд ушбу ҳолат юзасидан тез ёрдам шифокори ва хусусий клиника раҳбарини Жиноят кодексининг 116-моддаси 3-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этишда айбдор деб топган.

Маълумотларга кўра, тез ёрдам шифокорига 4 йил, хусусий клиника раҳбарига эса 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган. Шунингдек, ҳар икки шифокор 2 йил муддатга тиббий фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум этилган.

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар