21:13 / 25.10.2020
3 528

Ҳал қилинмаган жумбоқ. Кашмир низосининг бошланиши ҳақида

Ҳал қилинмаган жумбоқ. Кашмир низосининг бошланиши ҳақида
Фото: Google Photos
25 октябрь Кашмир можароси бошланган кун ҳисобланади. «Дарё» Кашмирдаги мураккаб вазиятнинг 63 йиллик тарихи, низонинг юзага келиши, унинг сабаблари ҳамда ҳозирги даврдаги оқибатлари ҳақида ҳикоя қилади.

Низонинг бошланиши
Буюк Британия мустамлакаси бўлган Ҳиндистоннинг 1947 йилда бўлиниши Ҳиндистон ва Покистон ўртасида қонли низоларга олиб келдики, уруш оқибатида бир миллиондан ортиқ одам ўзаро жангларда ҳалок бўлди, 18 миллионга яқин инсонлар эса қўшни мамлакатлардан бошпана излашга мажбур бўлди.

Низонинг юзага келишида Ҳиндистон ва Покистоннинг Кашмир вилоятига эгалик қилиш борасидаги даъвогарлиги асосий сабаб бўлди. Асосий воқеалар Кашмир ҳудудида бўлгани сабабли мазкур низо жаҳон сиёсати тарихида Кашмир низоси деган ном билан машҳур бўлди.

Кашмир вилояти
Ҳозирги Кашмир 101 387 квадрат километр ҳудуддаги Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги низоли минтақа саналади. Кашмир вилояти шимолда Афғонистон, Шинжон Уйғур мухтор вилояти, шарқда Тибет мухтор вилояти, Ҳиндистоннинг жанубдаги Химачал-Прадеш ва Покистон ғарбидаги Панжоб ҳудудлари билан чегарадош. Ҳозирда Кашмир ҳудуди Жамму, Кашмир ва Ladaкх вилоятларига бўлинган ҳудуд ҳисобланади. Ҳудудда 13 миллионга яқин аҳоли истиқомат қилиб, ҳудуднинг 72 500 квадрат километрлик ҳудуди Покистон назоратида ва Кашмирнинг 37 555 квадрат километр ҳудуди – Оқсойчин Хитой Халқ Республикаси назоратида.

Диний тўқнашувлар
Кашмирдаги низоларнинг юзага келишида Жамму ва Кашмир аҳолисининг диний эътиқодидаги фарқлар асосий сабаб бўлди. Гап шундаки, бу ҳудудда аҳолининг катта қисми – тахминан 80 фоиз мусулмонлар бўлиб, ҳокимият тепасида инглиз ҳукуматига бўйсунувчи махарожа Хари Сингх турарди. Ҳиндуизм динидаги махарожанинг мусулмон жамоасига раҳбарлик қилиши Кашмирда мусулмон жамоалари орасида турли норозилик кайфиятларини юзага келтирган бўлса-да, кучли ҳокимият доим низоларни авж олишига тўсқинлик қилиб келади.

1947 йилнинг ёзида Британия мустамлакасида Ҳиндистонни иккига ажратиш масаласи бошланиши билан ҳинд ҳукуматининг вилоятдаги назорати заифлашди. Бундан фойдаланган рожаликнинг бир нечта ҳудудлари рожага қарши исён бошлайди. Бироз муддат ўтгач Покистон ҳудудидаги юсуфзой, масудий ва афридий қавмларининг мусулмон жамоаси ўз диндошларини ҳимоя қилиш мақсадида ҳудудга кириб келди. Кашмирдаги илк низо фақат диний мотивларга эга бўлиб, низолашаётган тарафлар бир-бирларига нисбатан ҳеч қачон сиёсий мақсадларни илгари сурмаган эди.

Шунга қарамай, октябрь ойининг охирларига бориб, исёнчи пуштунлар Кашмирга бостириб кириб, Кашмирнинг мустақил ҳукмдори Хари Сингҳга босим ўтакзишга уриниб кўрди. Аҳолиси аксар мусулмон диний жамоаси бўлган Кашмирда Ҳиндистон ҳукумати куч билан ўз сиёсатини юрита бошлайди. БМТ Ҳиндистонга Кашмирдаги низони тинч йўл билан ҳал қилиш борасида маслаҳат берган бўлса-да, Ҳиндистон БМТнинг маслаҳатини рад қилди. Кашмир бўйича референдум ўтказиш тавсияси ҳозирга қадар ҳал қилинмаган муаммо сифатида қолмоқда.

Фото: Google Photos
Қонли гирдоб
Кашмирга кириб келган пуштун исёнчиларининг босимидан ташвишланган Хари Сингх Ҳиндистон ҳукуматига мурожаат билан чиқди ва ҳарбий кўмак сўрайди. Айнан шу даврдан бошлаб Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги низолар сиёсий тус ола бошлайди. Тинчлик ҳукм суриб келган минтақада бугунги кунгача давом этиб келаётган жанжалли низо юзага келди.

Ҳинд ҳукумати Хари Сингхнинг илтимосига биноан вазиятга ойдинлик киритилишини ҳам кутиб ўтирмасдан, Кашмирга катта қўшин юборди. Низо авжига чиқди. 1947 йилда инглиз ҳукуматининг тинчлик ташаббусига қарамай, Ҳиндистон ва Покистон муросага келмайди. Минтақада зўравонлик, талон-торож кучайди ва аҳолининг аксар қатлами вазиятнинг бундай тус олишидан анча жабр чекди. Уруш эса тўхтай демасди.

Натижада, Кашмир ва Жаммудаги низо жуда кучайиб кетганидан минтақадаги аҳоли бирин-кетин ҳудудни тарк эта бошлайди. Статистик маълумотларга қараганда, низонинг дастлабки йилида етти миллионга яқин мусулмон жамоаси Кашмирни ташлаб чиқишга мажбур бўлди. Беш миллион ҳинд эса Ҳиндистонга қочиб ўтди.

БМТнинг тинчлик ташаббуси
Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги низо кучайиб, тарих саҳифасида Ҳиндистон ва Покистон уруши номи билан қолди.

1949 йилнинг 1 январидан БМТ ташаббуси билан ҳарбий ҳаракатлар кетаётган барча ҳудудларда уруш ҳаракатлари тўхтатилди. Орадан ярим йил ўтгач Кашмир ҳудуди икки қисмга бўлинди. Демаркация чизиғи ўрнатилди ва Ҳиндистон Кашмири ҳамда Покистон Кашмири атамаси юзага келди. Ҳиндистон ва Покистон 77,2 минг квадрат километр ҳудудга эга бўлди. Икки ҳудуддаги муаммоларни назорат қилиш ва бартараф қилиш учун махсус комиссия тузилди.

Фото: Google Photos
Комиссия белгилаган йўриқномага биноан, Кашмирда яширин овоз бериш йўли билан плебесцит ўтказилиши назарда тутилди. Бунга кўра, Ҳиндистон ва Покистон биргаликда минтақавий низони тинч йўл билан ҳал қилиши керак бўлди. Бироқ халқаро ташкилотнинг мазкур ташаббуси ҳам Ҳиндистонда, ҳам Покистонда етарли даражада маъқул лойиҳа сифатида эътироф этилмади. Устига устак, халқаро ҳамжамият ҳам Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги низони тинч йўл билан ҳал қилишга унчалик ҳам эътибор бермади. Икки мамлакат ҳам ўзлари эгаллаб олган Кашмир вилояти ҳудудидан ўз қўшинларини олиб чиқиб кетмади. Низо кескинлашиб борди.

1956 йилга келиб Ҳиндистонда маъмурий бўлиниш ҳақидаги қонун қабул қилиниши билан минтақадаги кескинлик бироз юмшагандай тасаввур ҳосил қилди. 1956 йилдаги ҳинд қонуни натижасида ҳиндлар эгаллаб турган ҳудудда Кашмир ва Жамму штати мақомига эга ҳудудий бирлик ташкил қилинди. Ҳудуднинг ёзги пойтахти сифатида Шранагар, қишки пойтахти сифатида Жамму тан олинди. Покистон эса маркази Гилгит бўлган ҳудудга эгалик қила бошлайди.

Натижада, демаркацион чизиқ ўрнатилди, аммо Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги чегаравий низога нуқта қўйилмади. Кашмир Покистонга бўйсунувчи ҳудуд мақомини олди. Бироқ бундан Ҳиндистон анча ютқазди. Сабаби Ҳиндистон Покистон туфайли Марказий Осиё билан умумий чегараларидан маҳрум бўлганди. Шунингдек, Покистон ўзининг яқин иттифоқчиси бўлган Хитой билан чегарадош мақомига эга бўлди. Бу эса Покистон учун жуда муҳим эди.

Уруш ҳаракатларининг бошланиши
1965 йилга келиб иккинчи ҳинд–покистон уруши бошланиб кетди. Буюк Британиянинг аралашуви урушнинг кенг миқёсда олиб борилишига имкон бермади. Шунга қарамасдан, Покистон Ҳиндистонга қарашли Жамму ва Кашмир вилоятини босиб олиш ниятидан қайтмади. Покистон ҳукумати Кашмирда қўпорувчи ва исёнкор гуруҳ ташкил қилди. Ҳинд ҳукумати бундан хабар топиб, 1965 йилда қўпорувчилар тайёрланаётган Покистон ҳудудига бостириб кирди. Покистон ҳукумати эса ҳинд ҳукуматининг ҳужумига қарши Ҳиндистоннинг Амритсар шаҳрига танк қўшинларидан ташкил топган қўшинини юборди. Натижада, Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги уруш ҳаракатлари янада кучайди.

1966 йилда Тошкент шаҳрида Ҳиндистон бош вазири Лол Баҳодир Шаҳстри ва Покистон ҳукумати раҳбари Аюб Хон музокара ўтказди. Икки низолашаётган тараф битим тузди. Бироқ битим натижа бермади.

Фото: Google Photos
1971 йилда учинчи ҳинд-покистон уруши юз берди. Уруш натижасида Покистон мағлуб бўлиб, 1971 йилнинг декабрь ойида таслим бўлганини эълон қилди. Натижада, мустақил Бангладеш республикаси юзага келди. Айни шу дамда Покистоннинг ҳарбий иттифоқчиси бўлган АҚШ Покистонга ёрдам бериш мақсадида Ҳиндистон қирғоқларига яқинлаша бошлайди. Совет Иттифоқининг Ҳиндистонга ён босиши натижасида АҚШ денгиз кучлари ўз ҳарбийларини Ҳиндистон денгиз сарҳадларидан ортга олиб қочишга мажбур бўлди.

1980 йилда ҳам Ҳиндистон ва Покистон ўртасида бир неча бор ҳарбий тўқнашувлар юз берди. Бу урушга минтақадаги ижтимоий ва иқтисодий инқирозлар ҳам туртки бўлди. Исломий гуруҳлар Кашмирнинг озод бўлиши борасида бир қатор чиқишлар ташкил қилди. Покистон ҳукумати ўз навбатида бу гуруҳларни молиявий жиҳатдан қўллай бошлади. Покистон ва Ҳиндистон ҳарбийлари ҳаттоки Хитойга чегарадош бўлган ҳудудларда ҳам артиллерия воситасида уруш олиб борди.

1990 йилга келиб Жамму ва Кашмирда мужоҳидлар ҳаракати авж олгани боис Ҳиндистон ҳукумати 20 та дивизиясини ҳудудга киргизишга мажбур бўлди. Мазкур урушлар натижасида 30 минг ҳинд ва 70 минг покистонлик тинч аҳоли қурбон бўлгани ҳақида тасдиқланмаган хабарлар тарқалди. Покистон эса шу пайтгача радикал исломий гуруҳларни дастакламагани ҳақида баёнот бериб келмоқда.

Хулоса
Ҳозирга қадар Кашмирдаги сиёсий вазият борасида Ҳиндистон ва Покистон ўртасида вақтинчалик сулҳ ва битимларни ҳисобга олмаса, аниқ бир келишув имзоланмаган. Шу сабабли ҳам икки давлат ўртасида Кашмир борасида вақти-вақти билан қуролли тўқнашувлар содир бўлиб туради. Кашмир аҳолисининг 60 фоиз мусулмонлиги ҳисобга олинса, улар Ҳиндистон таркибидан чиқиш тарафдори. Ҳиндистон эса мазкур масалада Кашмирга қаршилик қилиб келади.

Жаҳонгир Эргашев тайёрлади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Ҳал қилинмаган жумбоқ. Кашмир низосининг бошланиши ҳақида