08:30 / 02.02.2021
937

Трампнинг куёви Нобель мукофотини олиш учун номзод сифатида қайд этилди

Трампнинг куёви Нобель мукофотини олиш учун номзод сифатида қайд этилди
Жаред Кушнер
Фото: AP Photo

АҚШ собиқ президенти Дональд Трампнинг куёви ва маслаҳатчиси Жаред Кушнер ўз ўринбосари Ави Берковиц билан биргаликда тинчлик учун Нобель мукофотини олиш учун номзодлар қаторига кирди. Бу ҳақда Reuters хабар қилган.

Кушнернинг номзодлар қаторига киришига Исроил ҳамда араб давлатлари ўртасидаги «Иброҳим келишувлари»ни имзолашда иштирок этгани сабаб бўлган.

Собиқ президентнинг куёвини мазкур йўналишда мукофот учун номзодликка юрист Алaн Дершовиц кўрсатган, у Трампни биринчи импичмент вақтида ҳимоя қилганди. Дершовиц мукофот учун номзодлар кўрсатиш ваколатига эга, сабаби у Harvard университетининг профессори ҳисобланади.

Агентликнинг ёзишича, Дершовиц Нобель мукофоти кенгашига ёзган хатида ўзи илгари сураётган номзод масаласи бироз баҳсли эканини тан олган.

2020 йил 15 сентябрда Исроил, Бирлашган Араб Амирликлари ҳамда Баҳрайн Оқ уйда ўзаро келишув имзолаган. Битимларга кўра Абу-Даби ва Манама Исроил давлатини тан олган, мамлакат ҳукуматлари Иордан дарёсининг ғарбий соҳилидаги Исроил аҳоли масканларининг суверенитетига даъво қилмасликка келишган. Қўшма баёнотда ушбу ҳаракатлар Яқин Шарқда тинчлик ўрнатиш бўйича кейинги босқич учун шарт-шароит яратиш қайд этилган.

2020 йил 23 октябрда Исроил Судан билан муносабатларни меъёрлаштириб олганди. 10 декабрда эса Марокаш билан келишув имзоланган. Иккала ҳолатда ҳам АҚШ давлатлар ўртасида воситачиликни амалга оширган. Ўз навбатида Фаластин ҳукумати Исроил ва Судан ўртасидаги келишувни «орқадан зарба» деб атаган.

2020 йил сентябрда норвегиялик депутат Дональд Трампга Нобель мукофоти беришни таклиф қилган, кейинчалик Оқ уй Трамп Нобель мукофоти учун номзод бўлганидан фахрланишини билдирган, Швеция парламенти аъзоси эса Норвегия ортидан Трампга тинчлик бўйича Нобель мукофоти беришни таклиф этганди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Дунё » Трампнинг куёви Нобель мукофотини олиш учун номзод сифатида қайд этилди