23:36 / 23.03.2021
987

«Путин буни ёқтирмайди». Россия президенти омма олдида эмланмоқчи эмас

«Путин буни ёқтирмайди». Россия президенти омма олдида эмланмоқчи эмас
Россия президенти Владимир Путин коронавирусга қарши омма олдида эмланмоқчи эмас, чунки у буни ёқтирмайди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот котиби Дмитрий Песков журналистларга берган интервьюсида айтиб ўтди, деб хабар беради Daryo.

«Президент иш вақтининг сезиларли қисмини вакцинация, препаратни ишлаб чиқариш ва ҳоказолар билан боғлиқ ишлар, суҳбатлар, учрашувларга бағишлашини кўриб турибсиз. Шу орқали президент вакциналарни тарғиб қилиш бўйича кўп ишларни амалга оширмоқда. Камералар остида эмланишга келсак, Путин ҳеч қачон буни қўллаб-қувватламаган, унга бу ёқмайди», — деди Песков.

Песков, шунингдек, Путин 23 март кунининг якунига қадар эмланишини айтди, аммо у президентнинг қайси вакцина билан эмланишини атайин ошкор қилмади ва Россиянинг учала вакцинаси ҳам «мутлақо ишончли ва самарали» эканини таъкидлади.

Кремль Владимир Путиннинг вакцина олиш тўғрисидаги қароридан кейин мамлакатда коронавирусга қарши эмлаш суръатининг ошишига умид қилмоқда.

«Албатта, вакцинация ишлари билан доимий бандмиз, шифокорларнинг ўзлари препаратни қабул қилиб, бошқаларга намуна бўлмоқда. Гувоҳи бўлганингиздек, президент эмланиш тўғрисида қарор қабул қилди, шунинг учун бу ерда жараён одатдагидек давом этмоқда. Биз вакцинациянинг тезлашишига умид қилмоқдамиз» — деди Кремль вакили.

Эслатиб ўтамиз, Владимир Путин 2021 йил 23 март куни коронавирусга қарши вакцина билан эмланишини ваъда қилди. Путин айнан қайси турдаги препарат билан вакцинация қилинишга аниқлик киритмаган. Унинг сўзларига кўра, мамлакатда вакцинациянинг бориш суръатини тезлаштириш лозим, бу пандемия туфайли жорий қилинган чекловларнинг юмшатилиши ва босқичма-босқич бекор қилинишига сабаб бўлади.

Россияда коронавирусга қарши 3 та вакцина рўйхатдан ўтказилган: «Гамалея» марказининг «Спутник V», Новосибирскнинг «Вектор» маркази томонидан ишлаб чиқилган «ЭпиВакКорона» ва Чумаков номидаги марказ ишлаб чиққан «КовиВак». Россияда аҳолини COVID-19’га қарши эмлаш ишлари 2020 йил декабрь ойида бошланган. 2021 йил январь ойи ўрталарида оммавий вакцинацияга старт берилган.

Аввал март бошида давлат раҳбарларидан Украина президенти Владимир Зеленский коронавирусга қарши эмлангани, Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди коронавирусга қарши мамлакатда ишлаб чиқарилган COVAXIN вакцинасининг биринчи дозасини олгани, шунингдек, Дунёнинг энг бадавлат кишиларидан бири, Berkshire Hathaway бош директори Уоррен Баффет Pfizer/BioNTech компаниясининг вакцинаси билан коронавирусга қарши эмлангани ҳақида хабарлар берилган.

Февраль ойида Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон унга коронавирусга қарши вакцинанинг иккинчи дозаси юборилганини маълум қилган, у вакцинанинг биринчи дозасини 14 январда қабул қилиб олганди.

Бундан аввал Шаҳзода Чарльз ва унинг рафиқаси, БМТ бош котиби, миллиардер Билл Гейтс ҳамда Аргентина президенти коронавирус вакцинаси билан эмланган.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Дунё » «Путин буни ёқтирмайди». Россия президенти омма олдида эмланмоқчи эмас