Суданда олтин кони қулади: қурбонлар бор

Суданнинг Ғарбий Кордофан штатидаги Ал-Зара олтин конида ўпирилиш юз бериб, камида 67 киши ҳалок бўлди. Ўнлаб кончилар вайроналар остида қолган бўлиши мумкин. Қидирув-қутқарув ишлари давом этмоқда. Бу ҳақда бугун Sudan Tribune нашри хабар берди.
Ҳодиса Ал-Нухуд шаҳри яқинидаги конда содир бўлган. Дастлаб 67 кишининг жасади топилгани хабар қилинган бўлса, кейинроқ маҳаллий манбалар 82 та жасад чиқарилганини маълум қилган. Шу боис қурбонлар сони ҳозирча аниқ эмас.
Ўпирилишга сўнгги кунларда ёғган кучли ёмғирлар туфайли тупроқнинг юмшаб қолиши сабаб бўлган бўлиши мумкин. Бироқ ҳодисанинг аниқ сабаби ҳозирча тасдиқланмаган.
Қутқарув ишлари оғир шароитда олиб борилмоқда. Кон ҳудудида махсус техника ва хавфсизлик воситалари етишмаслиги сабабли вайроналар остида қолганларни қидириш қийин кечаётгани айтилмоқда.
Ал-Зара кони жойлашган ҳудуд Тезкор реакция кучлари (РСФ) назоратида. Sudan Doctors Network мамлакатнинг қуролли можаро давом этаётган ҳудудларида хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган норасмий конларда ишлаш катта хавф туғдираётганини таъкидлаган.
Суданда олтиннинг катта қисми кичик ва норасмий конларда қазиб олинади. Бундай конларда хавфсизлик чораларининг етарли эмаслиги сабабли ўпирилишлар тез-тез содир бўлиши айтилмоқда.






























Изоҳлар 0
…