23:32 / 25.04.2021
2 190

Пашинян истеъфо берди. Лекин у бутунлай кетмоқчи эмас


Фото: EPA

Арманистон Қорабоғдаги урушда мағлуб бўлганидан беш ярим ой ўтиб мамлакат бош вазири Никол Пашинян истеъфо берди. Бу аввалдан кутилган формал қадамдир: Пашинян бош вазир вазифасини бажарувчи сифатида ишлашда давом этади, июнь ойида эса яна сайловларда ғолиб чиқиши мумкин.


Пашиняннинг истеъфоси муддатидан олдинги парламент сайловлари ўтказилиши учун керак эди, сайловларни ўтказишга эса ўтган йил кузида Арманистон Тоғли Қорабоғдаги урушда мағлуб бўлиши ортидан зарурат юзага келганди.

Бугун Арманистон бош вазири Никол Пашинян Facebook орқали халққа мурожаат қилиб, истеъфо берганини эълон қилди.

«2020 йилда биз ҳалокатли воқеаларрни бошдан кечирдик, муаммолар сабаблари ва ечимлар ҳақида деярли ҳамма гапирди: сиёсий кучлар, ҳукумат аъзолари, зиёлилар, руҳонийлар, жамоат ташкилотлари. Энди халқ ўз сўзини айтиш ва ўтмишга ҳамда бугунга баҳо бериш ва келажак учун қарор қабул қилиш имкониятига эга бўлиши керак. Бундай имконият ҳосил қилиш учун муддатидан олдин парламент сайловлари ўтказилади.

Президент ва сиёсий кучлар билан келишувга кўра, конституциявий низомларни амалга ошириш ва парламентни тарқатиб юбориш учун мен бугун истеъфо беряпман
», дея Пашиняннинг сўзларини келтирган «Новости-Армения» агентлиги.
Мамлакат конституциясига кўра, бундай ҳолатда Арманистон ҳукумати ҳам тўлиқ таркибда истеъфо беради. Аммо ҳозирги ҳукумат янги ҳукумат шакллантирилгунча ўз вазифаларини бажаришда давом этади.

Пашинян парламентдаги мухолифат билан келишувга кўра, 20 июнь куни муддатидан олдинги парламент сайловлари ўтказмоқчи, у бу сайловларда ҳам ғолиб чиқишни кўзлаган - сўровлар унга ғалаба учун умид бермоқда.

«Апрелнинг охирги ўн кунлигида истеъфога чиқаман. Мен буни кетиш учун эмас, муддатидан олдинги сайловлар ўтказилиши учун қиламан. Мен бош вазир вазифасини бажарувчи сифатида ишлашда давом этаман. Сайловларда сайловчилар ишонч билдиришса, мен мамлакатда янада яхшироқ хизмат қилишга ваъда бераман. Аммо агар фуқаролар бизни қўллаб-қувватлашмаса, биз сайланадиганларга ҳокимиятни топширамиз», деганди Пашинян 28 март куни мамлакат бўйлаб сафар давомида фуқаролар билан учрашувда.

Арманистон конституциясига кўра, муддатидан олдинги парламент сайлови ўтказилиши учун бош вазир истеъфо бериши, кейин парламент икки уринишда ҳам янги бош вазир номзодини тасдиқламаслиги керак. Пашинян, унинг раҳбарлигидаги «Менинг қадамим» партияси назоратидаги Миллий мажлис (парламент) ва президент Армен Саркисян айнан шу тартибга риоя қилмоқчи.

Ўтган йилнинг сентябр-ноябр ойларида 44 кун давом этган Қорабоғ урушида Озарбойжонга мағлуб бўлинганидан кейин Пашиняннинг мавқейига путур етганди.
Арманистон жамоатчилигининг бир қисми 9 ноябр кунги тинчлик келишувини мамлакат бош вазири томонидан халққа қилинган хиёнат деб ҳисоблайди.

Ўша келишувга кўра, Арманистон армияси амалда тўлиқ таслим бўлган, Озарбойжон эса 1990-йиллар бошида арманистонлик ҳарбийлар томонидан эгаллаб олинган Тоғли Қорабоғ атрофидаги барча етти туманни қайтариб олган, шунингдек, собиқ Тоғли-Қорабоғ автоном областининг бир қисми, шу жумладан, Шуши шаҳри устидан назорат ўрнатганди.

Урушдаги мағлубият арманлар учун кутилмаган ҳолат эди, чунки сўнгги кунларгача арман ҳарбий пропагандаси ва Пашиняннинг ўзи ҳам вазият Арманистон армияси учун аввалбошдан ҳалокатли тус олганини тан олмай келганди.

Шунга қарамай, Пашинян ва унинг «Менинг қадамим» блоки мухолифатчилардан кўра яхшироқ мавқе сақлаб қолган - 2018 йилда Пашинян шу кучларни ағдариб, ҳокимият тепасига келганди.

Март ойи охирида Gallup International томонидан ўтказилган сўров кўрсатдики, «Менинг қадамим» ҳар қандай мухолифат партия билан алоҳида рақобат ҳолатида устун келади: сўралганларнинг қарийб 32 фоизи шу партияга овоз беришини билдирган, рақиблар орасида энг кўп овоз тўплаган партия эса президент Роберт Кочаряннинг блоки (ҳали тузилмаган) бўлган - атиги 6 фоиз.

Бошқа томондан, арманистонлик сайловчилар фаол эмас - барча сиёсатчилардан уларнинг ҳафсаласи пир бўлган: сайловда иштирок этиш ниятини жами сайловчиларнинг 40 фоизигина билдирган.

Сўровларга кўра, Пашиняннинг ўзи машҳурлик борасида фақат омбудсмен Арман Татоянга ютқазмоқда ва бошқа барча мухолифатчиларни ортда қолдирган.

Журналист ва мухолиф сиёсатчи Никол Пашинян ҳокимиятга 2018 йилда тинч инқилоб воситасида келиб, бош вазир Серж Саргсян ўрнини эгаллаганди.

Ўша йилнинг декабрида «Менинг қадамим» блоки 70 фоиз овоз олган ҳолда, навбатдан ташқари сайловларда ғолиб чиққанди. «Менинг қадамим» шу вақтгача Миллий мажлисдаги ўринларнинг учдан икки қисмига эгалик қилиб келади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Пашинян истеъфо берди. Лекин у бутунлай кетмоқчи эмас