08:13 / 26.04.2021
2 802

Россия АҚШни «душман» мамлакатлар рўйхатига киритди


Фото: «РИА Новости»
Россия ҳукумати «душман» ва россиялик ходимларни ўз дипломатик миссияларига ишга ёллай олмайдиган мамлакатлар рўйхатини шакллантиришни бошлади. Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова маълум қилди, деб ёзади Meduza.

«Тушунишимизча, бутун воқеа АҚШнинг навбатдаги душманларча ҳаракатларидан бошланди… Табиийки, ‘душман’ мамлакатлар рўйхатида АҚШ борлигини сиз ҳам тушунасиз ва мен ҳам тасдиқлашим мумкин», — деди Захарова «Россия 24» телеканали эфирида.

23 апрель куни Россия президенти Владимир Путин ўз фармони билан Россияга нисбатан «душманларча хатти-ҳаракатлар»ни амалга оширадиган мамлакатлар дипломатик миссиялари фаолиятини чеклаб, уларга «Россия ҳудудидаги жисмоний шахслар»ни ишга ёллашни тақиқлаган эди.

Аввалроқ Мария Захарова Россия ҳукумати АҚШ ва Чехияга Россия фуқароларини ўз элчихоналарига ишга ёллашни тақиқлаганини маълум қилганди.

Москва ва Вашингтон ўртасидаги муносабатларнинг кескинлашуви сўнгги марта 15 апрель куни, Америка президенти Жо Байден Россияга нисбатан янги санкциялар киритганидан кейин юз берди. Янги санкциялар Россиянинг АҚШдаги 2020 йилги президентлик сайловларига аралашиши, АҚШ ҳукумат идораларига қилинган киберҳужум ва Россиянинг Афғонистондаги америкаликларга қарши «Толибон» жангарилари билан тил бириктиргани билан боғлиқ. Оқ уй февраль ойида Россиянинг ушбу ҳаракатлари учун АҚШ расмийлари унга қарши санкциялар режалаштираётганини айтганди.

Шунингдек, АҚШ мамлакатдан 10 нафар россиялик дипломат чиқариб юборилиши ҳақида эълон қилди. Польша АҚШнинг Россияга қарши санкцияларини қўллаб-қувватлади. Польша Варшавадаги уч нафар россиялик дипломатни persona non grata деб эълон қилди, улар мамлакатдан чиқариб юборилади. Россия Ташқи ишлар вазирлиги бунга худди шу тарзда жавоб қилишини маълум қилди.

16 апрель куни Россия президентнинг ёрдамчиси АҚШ элчиси Жон Салливанга маслаҳат учун Вашингтонга қайтиб кетишини тавсия қилди. Жон Салливан Кремлнинг тавсияларига қарамай, мамлакатни тарк этишдан бош тортди. Аммо кейинроқ Axios нашри Давлат департаменти вакилига таяниб, АҚШнинг Россиядаги элчиси Жон Салливан шу ҳафта Вашингтонга жўнаб кетиб, у ерда бир неча ҳафта туриши, сўнг эса яна қайтиб келишини маълум қилди.

Шунингдек, Россия—Чехия муносабатларининг кескинлашуви 17 апрель куни Чехия ҳукумати республика шарқидаги Врбетица қишлоғидаги ўқ-дорилар омборларида 2014 йилда содир бўлган портлашлар воқеасининг янги ҳолатларига аниқлик киритиш тўғрисида баёнот берганидан кейин бошланди. Чехия томонининг сўзларига кўра, ушбу воқеада Россия махсус хизматлари иштирок этган.

The Insider ва Bellingcat агентликлари томонидан ўтказилган суриштирувга кўра, портлашлар операциясига Россия разведка бошқармасининг 29155-сонли ҳарбий қисм бошлиғи, генерал Андрей Аверянов шахсан раҳбарлик қилган. 17 апрель куни Прага Россия элчихонасининг 18 нафар ходимини чиқариб юборишни эълон қилди. Шунингдек, Чехия Сенати ҳукуматни Россия билан дўстлик шартномасини бекор қилишга ва Прагада фақат бир нафар россиялик дипломатни қолдиришга чақирди.

Аввалроқ Депутатлар палатаси (Чехия парламентининг қуйи палатаси) ҳам Чехия ҳукуматини шундай чоралар кўришга чақирган эди.

Россия айбловларни бемаъни ва асоссиз деб атади ва Чехиянинг хатти-ҳаракатларига жавоб сифатида 20 нафар чехиялик дипломатни мамлакатдан чиқариб юборди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Россия АҚШни «душман» мамлакатлар рўйхатига киритди