10:20 / 20.05.2021
943

Мандарин-ўрдак қайтди

Мандарин-ўрдак қайтди

Бугунги кунда Челябинск шаҳарида саноат ялпи муниципал маҳсулотнинг ярмини беради. Шу сабабли бундан корхоналарнинг атроф-муҳитга таъсири экологик муаммонинг жиддий тус олишига сабаб бўлаяпти.

Россия Ҳукумати раисининг ўринбосари Виктория Абрамченко хонимнинг шу йил бошида ўтказган катта мажлисида ҳам, ҳавога заҳарли чиқиндилар чиқариш бўйича Россиянинг энг ёмон кўрсаткичга эга 12 та шаҳарлари орасида Челябинск етакчилик қилаётгани жиддий танқид билан таъкидланган эди.

Шу сабабли бу шаҳарларнинг ҳар бири алоҳида дастур ишлаб чиқиши кераклиги бўйича топшириқ берилди.
Бугунги кунда Челябинск шаҳарини ривожлантиришнинг асосий йўналишларидан бири бу экология муаммосини самарали ҳал қилиш ҳисобланади.

Бу мақсадда 2020 йил декабрдан шаҳарда Минтақавий экологик мониторинг маркази фаолият кўрсатаяпти. У кечаю кундуз атмосфера ҳавосини уч тизимли усулда кузатиб боради ва ифлословчи учоқ ҳақида тезкор маълумотларни назорат қилувчи органларига тақдим этиб боради. Шу тариқа ноҳуш ҳолат 2-5 соат ичида бартараф этилади.

«Маълумотлар Росгидрометнинг 5 та стационар пости, вилоятнинг 9 та стационар ва икки ҳаракатланувчи постлари ҳамда 5 та кичик ҳажмли станциялар орқали олинади. Бошқача айтганда, атмосфера ҳавоси онлайн-режимда кузатиб борилади», дейди марказ директори Владислав Коробкин.

Албатта, бу каби мониторинг марказлари бизнинг катта шаҳарларимиз учун ҳам зарур ва керак, деган фикр хаёлимдан ўтди.

Ҳозирда шаҳарнинг бош плани ишлаб чиқарилмоқда. Экологик муаммолар самарали ҳал этилиши билан унинг қиёфаси бутунлай ўзгариши, одамларни ўйлантираётган ва эътирозига сабаб бўлаётган жараёнларга аниқ жавоб топилиши шубҳасиз.

Ўтган йили «Экология» лойиҳаси доирасида 2,9 миллиард рубль ажратилиб, шаҳарнинг Металлургия туманидаги йирик чиқиндихона қайта маданийлаштирилган эди. 74 гектар жойга замонавий ва бадбўй ҳидлар чиқмайдиган янгиси қурилиб, қаттиқ коммунал чиқиндилар ташлаш учун эса 637 та майдончалар барпо этилди. 

Мени ўзига лол қолтирган жиҳати шаҳарнинг тўртдан бир қисми, яъни 12 минг гектари яшил ҳудуд ҳисобланади. 8 та шаҳар ва туман парклари, 128 та хиёбонлар, 19 та бульвар фаолият кўрсатмоқда. Ваҳоланки, Тошкент шаҳрида йил сайин дарахтлар сони ва ҳиёбонлар қисқариб, ўрнига атрофида на болалар ўйнаши ва на яшиллик яратиш учун жой камайиб бораётгани кўнглимизга оғриқли ботади.

Ваҳоланки, ҳозир дунёда 6 мингга яқин парклар бор. БМТ маълумотларига кўра, кимки улар яшаш ҳудудига яқин жойда боғ-роғлар, кўркам парклар бўлса, ўртача умр кўриш кўрсаткичи юқори бўлишлиги расман қайд этилган. Паркларни ривожлантириш шаҳарнинг жозибадорлигини ҳам оширади. Шу билан бирга мўмай даромад ҳам келтиради. Европада паркларнинг ҳар гектари йилига 280 минг евро даромад келтириши ҳисоблаб чиқилди.

Шаҳар мэри Наталья Котованинг қатъий саъй-ҳаракатлари билан ўтган йили шаҳар тарихида рекорд даражада, яъни 13 мингга яқин дарахт, 113 минг кўчат ва 228 минг квадрат метрга газонлар экилган. Замонавий шаҳар муҳитини яратиш учун жорий йилда 320 миллион рубл ажратилади.

Ҳатто мэр хоним кўпчилик маҳаллий амалдорларнинг дийдиё ва норозилигига қарамай, кент кўчаларидаги барча чиқиндиларни йиғиштириш ва атрофни шоҳ-шабба, кераксиз чиқиндилардан тозалаш бўйича шаҳар администрацияси ходимлари иштирокида шанбалик ташкил этиб юборди.

Хоним бу қаршиликларга жавобан, «Шаҳарда аҳоли қулайлиги учун шароит яратиш ва унинг озодалиги маҳаллий маъмурларнинг бирламчи вазифаси бўлиши керак ва саранжомлик бобида аввало биз амалдорлар ҳаммага ўрнак бўлишимиз керак», дея таъкидлаган экан.

Яқинда Челябинскнинг Марказий туманида йўловчилар илк бора «Қизил китоб»га киритилган мандарин-ўрдакни учратишгани ҳам табиат ўз ўзанига қайтаётганидан далолат беради.

Гулрухсор Равшанова,
халқаро журналист,
Тошкент-Челябинск


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Дунё » Мандарин-ўрдак қайтди