09:46 / 05.07.2021
2 320

Ғарб давлатлари можароли ҳудудлардан кетмоқда. Террорга қарши уруш тугадими?


Сўнгги вақтларда Ғарбнинг бир неча давлати бутун дунё бўйлаб «қайноқ нуқталар»даги ҳарбийларини олиб кетиш қарори ҳақида маълум қилди. НАТО ҳарбийлари Афғонистонни тарк этмоқда, Франция Малидаги контингентини сезиларли даражада қисқартирмоқда; Буюк Британия ва Ғарбнинг бошқа давлатлари бундан буён Ироқдаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этмайди. Бу 20 йил муқаддам АҚШ президенти кичик Жорж Буш эълон қилган «террорга қарши уруш» ниҳоялангани, Ғарб давлатлари армиялари зиддият ўчоқларидаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиш даври тугаганини англатадими?

Ҳозирча бундай эмас: Ғарб ҳамон Африка Сахель минтақасида (Мали, Жазоир, Нигерия, Камерун, Судан ва Эритрея) радикал кучларга қарши фаол курашишда давом этмоқчи. Аммо бундай миссиялар қандай амалга оширилиши кераклиги бўйича қайта баҳолаш ишлари ўтказилмоқда.

Олис ҳудудларда кенг кўламли ва узоқ муддатли ҳарбий кампаниялар олиб бориш жуда қимматга тушади - бунда гап нафақат кўп қон тўкилиши, балки катта молиявий харажатлар ва ушбу кампанияларни олиб бораётган давлатларнинг сиёсий обрўйи ҳақида ҳам кетади.

Ғарбнинг АҚШ бошчилигида Афғонистонда бошлаган ҳарбий амалиёти 1 трлн доллардан ортиқроққа тушган, 20 йил мобайнида томонлар минглаб одамларни йўқотган: афғон ҳарбийлари, тинч аҳоли вакиллари, Ғарб давлатлари ҳарбий хизматчилари ҳамда қонуний ҳукуматга қарши курашувчи томонлар жангчилари.

Ғарб давлатларининг Афғонистондаги ҳарбий мавжудлиги авж палласига чиққанида - 2010 йилда - уларнинг контингенти 100 минг кишидан ошарди. Аммо ҳозирга келиб, америкаликларнинг мамлакатга киришидан 20 йил ўтиб қолган бир неча минглик қўшин ҳам мамлакатни тарк этишга киришди, «Толибон» эса янада кўпроқ ҳудудларни эгаллаб ола бошлади.

«Ахиллнинг товони»
Бирор давлат хорижда исёнчи кучларга қарши қанчалик узоқ вақт уруш олиб борса ва бундай ташқи аралашувнинг кўлами қанчалик кенгайса, шунчалик кўп мураккабликларга дуч келади.
Франция 2013 йилда Малига қўшин киритган / Getty Images
Урушларнинг «Ахилл товони» - энг заиф нуқтаси яраланганлар ва қурбонлар сони ҳисобланади. Ҳарбий йўқотишлар уруш бошлаганларнинг обрўсини тўкади.

Вьетнамдаги урушда 58 мингдан ортиқ америкалик аскар ҳалок бўлган, советлар армияси афғон кампаниясида қарийб 15 минг кишини йўқотганди - йўқотишлар бу кампаниялар натижага эришмасдан тезроқ тугатилишига олиб келган. 2013 йилдан буён Малида камида 50 нафар француз ҳарбийси ўлдирилган - шу ҳам Франция урушдан чиқиши учун етарли бўлди.

Бундан ташқари, ҳар доим режалаштирилганидан кўра кўпроқ молиявий харажатлар бўлади. 2015 йилда Саудия Арабистони Ямандаги фуқаролар урушига аралашди, аммо қисқа муддат учун мўлжалланган бу кампания олти йил ўтса ҳам давом этмоқда. Унинг Саудия Арабистони бюджетига келтирган зарари 100 млрд долларга баҳоланган.

Ҳарбий кампаниялар даврида тез-тез инсон ҳуқуқлари бузилади - бу ҳам кутилмаган ва жуда оғир асоратларга эга.
АҚШнинг ҳаво зарбалари тўй маросимлари вақтида ўнлаб одамлар ўлимига сабаб бўлган, саудиялик учувчиларнинг бомбалари туфайли Яманда тинч аҳоли қирилган, араб альянси иштирокчиларидан бири Бирлашган Араб Амирликларига қарши ҳам шу мамлакатда инсон ҳуқуқлари бузилиши бўйича айбловлар илгари сурилган.

Буларнинг барчаси ушбу давлатлар нуфузига жиддий зиён етказган. Масалан, БАА билан боғлиқ ҳолатда юк контейнерларига қамалган маҳбуслар бўғилиб ўлганига оид гувоҳликлар пайдо бўлди - бу можаро охир-оқибат ушбу мамлакат ҳукуматининг Яман урушидаги иштирокини тўхтатиш бўйича қарор қабул қилишига катта таъсир кўрсатди.

Шунингдек, исёнчиларга қарши уруш олиб борувчи давлат ҳукумати улар билан ҳокимиятни тақсимлаш бўйича келишув тузиб олиш эҳтимоли ҳам бўлад. Мали расмийлари радикал кучлар билан махфий музокаралар олиб бораётгани ҳақида хабарлар тарқалганида, Франция президенти Эммануэль Макрон француз ҳарбийларини ушбу мамлакатдан тўлиқ олиб кетиш билан таҳдид қилганди.

Британиялик истеъфодаги полковник Жеймс Канлиффнинг сўзларига кўра, Ироқда «Эрон таъсири бўйича реал хавфлар мавжуд, айниқса гап шиаларнинг ҳарбий бўлинмалари ҳақида кетганда».

2001 йилда Афғонистонда ҳукуматдан четлатилган «Толибон» ҳаракати ҳокимиятга қайтиши ойдинлашмоқда. Ғарб хавфсизлик хизматларидан бирининг расмийси Афғонистонда ҳукумат ўзгарса, Ғарб билан разведка соҳасидаги ҳамкорлик ҳам тўхтатилиши ҳақида айтиб ўтган.

Оддий ечимлар йўқ
Кўриниб турибдики, пароканда бўлган давлатлар ва хавфли диктаторлар масаласига оддий ечимлар йўқ. Қуйида сўнгги мисоллар кўриб чиқилади.

Ироқ, зиддият 2003 йилдан ҳозиргача давом этиб келмоқда. АҚШ етакчилигида ва Буюк Британиянинг фаол қўллаб-қувватлови билан бошланган Ғарб кучларининг йирик ҳарбий кампанияси кўп йилга чўзилди ва исёнчиларга қарши қонли жангларга уланиб кетди. Сўнгги йилларда маълум силжишларга эришилганига қарамай, кампания қолдирган излар шу қадар даҳшатлики, бу сиёсатчиларни Яқин Шарқда кенг кўламли урушлар олиб бориш ғоясидан воз кечишга ундамоқда.
Ғарб кучлари бостириб кирганидан кейин Ироқда кўп йиллик уруш бошланади / Reuters
Ливия, зиддият 2011 йилдан ҳозирги кунга қадар сақланиб қолмоқда. НАТО авиацияси бир муддат давомида мамлакатдаги парвозлардан холи қилинган ҳаво кенгликларини назорат қилди, аммо Ғарб ҳарбийлари ушбу мамлакатга катта контингент сифатида келтирилмаган. Шу билан бирга, Ғарб давлатларининг саъй-ҳаракатлари 2011 йилда Қаззофий режими мухолифлари ғалабаси учун кифоя қилади. Муаммар Қаззофий ўлдирилгач, мамлакатда фуқаролик уруши бошланиб кетади, унда турли радикал гуруҳлар турли томонларда туриб урушиб келмоқда. Аввалига кўплаб ливияликлар Ғарб давлатларидан миннатдор бўлишганди, аммо кейинчалик Ғарб уларни тақдир измига ташлаб қўйди.

Сурия, зиддият 2011 йилдан ҳозирга қадар давом этмоқда. Ғарб давлатлари Башар Асад режими ва суриялик исёнчилар ўртасидаги фуқаролик урушда қатнашишни унчалик исташмади, натижада бу урушнинг асосий ўйинчилари Россия, Эрон ва Туркия бўлиб қолди. Бу мамлакатда 10 йилдан буён зўравонликлар давом этмоқда.

ИШИД. Бу сўнгги вақтлардаги ягона муваффақиятли якунланган ҳарбий кампания бўлиб, унда дунёнинг 80дан ортиқ мамлакати қатнашди ва ўзини «Ислом давлати» деб номлаган жангариларнинг бешафқат ва ноинсоний халифалиги тугатилди. Аммо бунинг учун беш йил кетди, кампания шаҳарларни вайрон қилувчи авиация ҳужумлари ва қанчалик ноқулай бўлмасин,  Ироқдаги Эрон таъсирида бўлган жангарилар орқали олиб борилди. Ҳозирда ИШИД ғоялари Африкада кенг ёйилмоқда.

Мали, зиддият 2013 йилдан ҳозирга қадар давом этмоқда. Франциянинг ҳарбий аралашуви мамлакат пойтахти Бамако шаҳри «Ал-Қоида»га алоқадор жангарилар қўлига ўтиб кетишининг олдини олганди. Аммо жангарилар билан уруш саккиз йилдан кейин ҳам тугамади - бу вақтда дунёнинг турли мамлакатларидан минглаб ҳарбийлар урушга жалб этилди. Яқинда Франция президенти Мали ҳукуматининг ҳаракатсизлигидан ғазабга минди ва ўз контингентини қисқартириш ниятини билдирди.

Келажакда нима бўлади?
Агар кенг кўламли ҳарбий интервенциялар даври тугаган бўлса, ўрнини нима эгаллайди?
Бунинг жавобини июнь ойи бошида Қироллик бирлашган хизматлар институтида Қуруқликдаги уруш бўйича ўтган конференцияда чиқиш қилган Британия Бош штаби раҳбари генерал сэр Марк Карлтон Смитнинг нутқидан топиш мумкин.
Қорабоғдаги урушда арман танклари озарлар дронлари учун осон ў


Қорабоғдаги урушда арман танклари озарлар дронлари учун осон ўлжага айланди / EPA
Унинг сўзларига кўра, замонавий армия «кўпроқ тармоқлашган, кўпроқ экспедицияли, тез жойлаштирилувчи, бир-бири билан кўпроқ рақамли боғланган, ҳар бир аскарга сунъий йўлдош уланган ва махсус операциялар бригадасига марказлашган бўлади».
Яъни уруш ҳудудларида қуруқликдаги аскарларнинг сони камайтирилиши армиялар кўпроқ энг замонавий рақамли технологияларга, шу жумладан, сунъий интеллектга суянишини тақозо этади.

Сўнгги ҳарбий ҳаракатларда кузатилган тенденция стратегик устуворликларни тубдан ўзгартириш ундади. Ўтган йил кузида Озарбойжон ва Арманистон ўртасида юз берган қисқа муддатли урушда арманларнинг танклари озарларга Туркия томонидан етказиб берилган арзон, учувчисиз дронлари ёрдамида йўқ қилинди. Бу аппаратлар бошқарувчи ҳаётига хавф туғдирмаган ҳолда нишонга зарба беради.

Шунингдек, анча вақтдан буён эътибордан қолган ёлланма жангчилар Африкада жанг майдонларига қайтишини кўриб турибмиз. Энг ёрқин мисол - россияликларнинг «Вагнер» хусусий-ҳарбий компанияси, бу гуруҳ Москвага Ғарбий Африка, Ливия ва Мозамбикдаги ҳарбий ҳаракатлардаги иштирокини инкор этиш имконини бермоқда.

Вашингтондаги Атлантика кенгаши эксперти Шон Макфейт айтганидек, «Марказида давлатлар бўлган дунё тартиботи ўз ўрнини давлатларсиз урушга бўшатиб бермоқда». Аммо булар бундан кейин хорижий миссиялар бўлмаслигини англатмайди.

Франция, катта эҳтимол билан Мали ва Сахелда «Бархан» операциясини якунлайди ва минглаб ҳарбийларни уйга қайтаради. Аммо бу минтақада БМТ ҳарбийлари фаолият кўрсатишда давом этади ва французлар ҳам ҳудудда терроризмга қарши кураш бўйича халқаро миссияда иштирок этиш учун маълум миқдордаги ҳарбийларини қолдиради.

НАТОнинг Ироқдаги миссияси маҳаллий кучларни ўқитишда ва уларга техник кўмак кўрсатишда давом этмоқда. Аммо Афғонистон билан боғлиқ вазиятда Ғарб энг керакли вақтда иттифоқчиларини ташлаб кетмоқда: маҳаллий ҳукумат армияси «Толибон», «Ал-Қоида» ва ИШИД кучларига қарши ёлғиз кураша олмайди.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг