17:19 / 03.08.2021
2 434

Қирғизистон собиқ бош вазири Темир Сариев ҳибсга олинди


Фото: «Коммерсантъ»
Қирғизистон собиқ бош вазири Темир Сариев «Қумтор» олтин конини қазиш лойиҳасини амалга оширишда йўл қўйилган коррупция иши бўйича ҳибсга олинди. Бу ҳақда республика Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси матбуот хизматига таяниб, «Коммерсантъ» хабар берди.

Сариев атроф-муҳитга етказилган зарар суммасини камайтириб кўрсатганликда гумон қилинмоқда. 2 август куни республиканинг собиқ раҳбари Асқар Акаев «Қумтор» иши бўйича кўрсатма берган.

«Тергов ҳаракатлари натижалари ва иш бўйича йиғилган далилларга асосланиб, 3 август куни тергов Сариевни ҳибсга олишга қарор қилди. У Миллий Хавфсизлик давлат қўмитасининг вақтинча сақлаш изоляторига жойлаштирилди», — дейилади матбуот хизматида.

Темир Сариев иқтисодиёт вазири ва тегишли давлат комиссияси раиси бўлган пайтда «Қумтор» конидаги қазиш ишларидан атроф -муҳитга етказилган зарар миқдорини бир неча миллиардга камайтириб кўрсатганликда гумон қилинмоқда.

Кеча, 2 август куни республиканинг собиқ раҳбари, 2005 йилги инқилобдан кейин Россияга қочиб кетган Асқар Акаев Қирғизистонга қайтди.

Бишкекда у аввалига сўроққа тутилган, кейин президент Садир Жапаров уни шахсан қабул қилган. Расмийлар Акаевнинг Канаданинг Centerrа Gold Inc. компанияси билан «Қумтор» олтин кони борасидаги шов-шувли зиддиятда уларга ёрдам беришидан умидвор.
«Ёрдам бериш учун келдим», — дейди Асқар Акаев Қирғизистонга қайтиши сабабини тушунтириб.

Май ойи охирида Қирғизистонда яна икки нафар собиқ давлат амалдори коррупцияда айбланиб ҳибсга олинган эди. Улардан бири Қирғизистон парламентининг собиқ раиси ва собиқ президент Сўронбай Жээнбековнинг укаси Асилбек Жээнбековдир.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Қирғизистон собиқ бош вазири Темир Сариев ҳибсга олинди