Кунлик ахборотлардан тўйиб қолган, саёҳат қилишни жуда хоҳлайди-ю, бунга пул орттиролмаётганларга Ҳимолай тоғларидаги ХХI асрнинг ғайриоддий мамлакати ҳақида ҳикоя қиламиз.
Шарқий Ҳимолай тоғлари ва Осиёнинг жануби-шарқида табиати янги туғилган чақалоқдек сақланган бир давлат бор, у Бутан номи билан харитага кирган. Бутаннинг 1 миллионга ҳам етмайдиган аҳолиси тоғлар орасидаги 38 минг квадрат километрни ўзларига ватан қилган. Аксар йўллари ўнқир-чўнқир ва паст-баландликдан иборат бўлган бутанлик ҳайдовчилар йўлларда жуда секин ҳаракатланишади.
Шунинг учун ҳам аҳоли светофордан бутунлай воз кечган. Машина ва пиёдалар ҳаракатини махсус ходим назорат қилиб туради. Тҳимпҳу Осиёдаги светофори бўлмаган 2 пойтахтдан биридир. Бунга Шимолий Корея пойтахти Пхенянда ҳам гувоҳ бўлиш мумкин.
Расмий идорага миллий либосда бориш шарт
Бутан яқин-яқинларгача бутун дунё учун ёпиқ ҳудуд эди. Мамлакат 1971 йилда БМТга қўшилганидан кейин, ҳудудга сайёҳлар оқими бошланди. Табиий савол туғилади: нега Бутан узоқ йиллар ўзини дунё учун ёпиб яшаган?
Мамлакат аҳолиси буддизмга эътиқод қилади. Улар динлари, қадрият ва анъаналарининг бузилишидан қўрққани учун дунё билан алоқа қилишни исташмаган. Шу сабаб ҳам дунё тарихида телевизор энг охирида кириб борган давлат ҳам Бутандир. Улар телевизор бутанликлар ҳаётини ўзгартириб юборишидан ҳадиксираган.
Телевизорда кўрсатилган илк тасвир 1998 йилда Францияда ўтказилган футбол бўйича Жаҳон чемпионати бўлган.
Нима бўлганда ҳам бутанликлар миллий қадриятларини асрашга жон-жаҳди билан тиришади. Шу сабаб бутанликлар ҳукумат ёки бирор расмий идорага борганда миллий либосини кийиши шарт. Бунда эркаклардан гҳо, аёллардан кира деб номланган миллий либос талаб этилади.
Биринчи таклиф қилингандаёқ овқатланиш одобсизлик саналади
Бу халқ одатига кўра, биринчи марта овқат таклиф қилинганда, меҳмон рози бўлмаслиги керак. У «мешу-мешу» дея қўллари билан оғзини беркитиб олади. Мезбон 2-3 марта меҳмонни қайта овқат ейишга таклиф қилгандан кейин овқат учун розилик билдириш одоб саналади.
Яна бир қизиқ томони, Бутанда ҳамон матриархат давр ҳукмрон. Аёллар бизнес ва қишлоқ хўжалигини бошқаради. Мулкни мерос қолдириш ҳуқуқи ҳам уларда. Куёвлар оила қургандан кейин аёли уйига кўчиб ўтади.
Бутан – заҳарли газлардан холи дунёдаги ягона мамлакат
Бутан сўзи “Момақалдироқ аждарҳо макони” деган маънони билдиради. Мамлакатга бу ном берилишига сабаб Ҳимолай тоғларида тез-тез рўй берадиган момақалдироқлардир.
Бутанликлар – ҳайвонот ва ўсимлик дунёсининг ҳақиқий ҳимоячиси. Буни мамлакатда табиатни асраш мажбурий қилиб қўйилганида ҳам кўриш мумкин. Конституцияда қайси давр эканидан қатъи назар, мамлакатнинг 60 фоизини доимо ўрмонлар ташкил қилиши шартлиги белгилаб қўйилган. Шунинг учун ҳам Бутан заҳарли газлардан холи ҳудуд ҳисобланади. Дарахтлар карбонат ангидридларни ютиб, ҳавони муттасил тозалаб туради.
Шунингдек, Бутан тамаки тақиқланган дунёдаги ягона давлат ҳамдир. Тамаки экиш, йиғиш, сотиш тақиқланади. Жамоат жойларида чекканлар 3-5 йилгача озодликдан маҳрум этилади.
Мамлакатда қора бўйинли турнани ўлдириш тақиқланган. Бундай айблов қўйилган киши умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин. Чунки қора бўйинли турна ноёб бўлиб, Халқаро «Қизил китоб»га киритилган. Улар Ер юзида 5000-6000 дона атрофида қолган.
Турмуш даражаси ЯИМ билан эмас, Ялпи миллий бахт билан ўлчанади
Бутанда 1999 йилда пластик маҳсулотлардан фойдаланиш ҳам тақиқланган. Аммо муқобили йўқлиги сабаб пластик маҳсулотлардан фойдаланиш 2019 йилда қайта жорий қилинди. Шунга қарамай, ҳукумат аҳолини доимий равишда мато ва жун сумкалардан фойдаланишга тарғиб қилади.
Табиатга ошно бутанликларнинг саломатлик даражаси кўпчиликни қизиқтириши турган гап. Аҳолининг ҳаёт давомийлиги 70 ёшни ташкил қилади.
Бутан жуда кўп томонлари билан дунёда такрорланмас давлатдир. Бутанда ЯИМга иқтисодий ўсиш ва ривожланиш кўрсаткичи сифатида қаралмайди. Бутанликларда ўзлари учун Ялпи миллий бахт ўлчови бор. Турмуш даражасининг яхшилиги даромаднинг кўплигига қараб эмас, одамлар ўзини бахтли ҳисоблаши билан белгиланади.
“Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Шимолий Корея Россияга узоққа зарба берувчи қуроллар юборди
Ижтимоий тармоқлар даврида руҳий саломатликни қандай сақлаш мумкин?
КХДР Россияга 100 минггача ҳарбий юбориши мумкин
Туркия Исроил президенти самолётини ҳаво ҳудудига киритмади
Эрон АҚШдан 1 трлн доллар компенсация талаб қилди
Ким Чен Ин ҳарбийларни жанговар ҳолатда туришга чақирди
Тюмен областига Ўзбекистондан меҳнат мигрантлари ишга жалб қилинади
Рашида Толиб Конгресс аъзоларига «аччиқ ҳақиқат»нинг суратини кўрсатди