16:21 / 08.12.2021
2 571

Путин ва Байден мулоқоти: Оқ уй ва Кремль бу ҳақда нималар деди?

Путин ва Байден мулоқоти: Оқ уй ва Кремль бу ҳақда нималар деди?
Фото: Оқ уй ахборот хизмати
АҚШ президенти Жо Байден ҳамда Россия президенти Владимир Путин 7 декабр кечаси видео форматда суҳбат ўтказди. Суҳбат мавзуси кутилганидек Россиянинг Украина чегарасида фавқулодда фаоллашуви бўлди.

Олдинроқ икки президент юзма-юз учрашиши кутилганди, аммо Кремлнинг сўрови билан онлайн мулоқот қилишга келишилди. Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков мулоқот формати аниқ бўлмаган вақтдаёқ унинг онлайн кўринишда бўлиши маъқуллигини айтганди. Чунки Путин коронавирус чиққандан буён ички учрашувларни ҳам онлайн ўтказишга одатланиб қолди.

Байден эса Путин билан юзма-юз учрашишни хоҳлаганди. Бу ҳақда Байден мулоқотнинг эълон қилиш мумкин бўлган дастлабки бир неча сониясида ҳам айтишга улгурди. «Салом. Афсуски, юзма-юз кўриша олмаяпмиз, кейинги гал учрашишимизга умид қиламан», деди Байден ва ёйилиб кулди суҳбатнинг дастлабки қисмида.

Кремль суҳбатнинг дастлабки сониялари видеосини эълон қилди. Унда хонада ёлғиз ўтирган Путинни кўриш ва таржимоннинг овозини эшитиш мумкин эди. Оқ уй эса суҳбат тугагач суратларни эълон қилди. Унда Жо Байден ёлғиз бўлмагани, 4 нафар ҳамроҳи билан қатнашганини кўриш мумкин. Байден Путиннинг экранида фақат ўзи кўрингани, аслида эса унинг ёнида яна 4 киши бўлгани бу ҳақда Москва огоҳлантирилмаганини англатмайди. Бундай учрашувларда қатнашувчилар сони, тартиби келишилган бўлади. Ҳар икки президентнинг вакиллари махсус ҳимояланган алоқа каналларида ўтказилган бу учрашув видеосини барибир муҳокама қилиши инобатга олинса, бу табиий ҳолат.

Путин ва Байденнинг мулоқоти узоқ вақт давом этиши кутилганди, лекин бундай бўлмади ва икки соатда тугади. Орада таржимон ҳам гапиргани, яна бошқа кичик вақт олувчи деталлар инобатга олинса, бундай даражадаги видеомулоқот учун икки соат кам ҳисобланади.

Россия аскарларининг Украина билан чегарада фавқулодда фаоллашуви мулоқотнинг асосий мавзуси бўлди. «Байден АҚШ Россия Украина чегарасида қўшин тўплаётганидан қаттиқ хавотирда эканини билдирди. Президент АҚШ ва Европадаги иттифоқчилари бостириб кирилган тақдирда кескин иқтисодий ва бошқа чораларни кўришини маълум қилди», дейилади Оқ уй баёнотида.

АҚШ президенти суҳбат давомида Путинга Украина суверенитетини ҳимоя қилишини айтиб, босқин ҳақида ўйламай, дипломатияга ўтиш лозимлигини таъкидлади. Шунингдек, томонлар киберхавфсизлик, стратегик барқарорлик, минтақавий масалалар, хусусан, Эрон мавзусида бирга ишлаш ҳақида гаплашган.

Кремль ахборот хизмати Путин ва Байденнинг учрашуви очиқ ўтгани ҳақида ёзди. Кремль «Украинада ички инқироз сабаб бўлаётган муаммоли ҳолат ва 2015 йилдаги Минск келишуви ижроси бўйича ҳеч қандай олдинги силжиш бўлмаётгани ҳақида гаплашгани»ни билдирди: «Россия президенти Киевнинг Минск келишувини бузишга қаратилган хато ҳаракатларини конкрет мисоллар билан кўрсатиб берди. Шунингдек, Киевнинг Донбассга қарши провокациясидан хавотирда эканини маълум қилди», дейилади Кремль хабарида.

Россия томони ҳам Байден Украина билан чегарада вазият жиддийлашса, санкциялар ҳақида огоҳлантирганини келтирди: «Жозеф Байден Россия ҳарбийларининг Украина чегарасида гўёки таҳдидомуз яқинлашганига урғу бериб, Европадаги иттифоқчилари билан вазият жиддийлашса, санкциялар жорий этилишини билдирди».

Путин НАТО Украинада хавфли ишларни қилаётгани ва Россия билан чегарада ўз ҳарбий қудратини кўз-кўз қилаётганидан хавотирдалигини билдирган. У НАТО шарққа, Россия томон кенгаймаслигига кафолат истаётгани ҳақида гапирган: «НАТОнинг фаоллашуви сабаб Россия альянс ўзига қараб кенгаймаслигини кафолатловчи юридик ҳужжат хоҳлайди. Бу ҳужжат НАТО бизга яқин давлатларга узоқ масофага ўқ отувчи қуролларни жойлаштиришни истисно қилиши керак».

Путин суҳбат давомида икки мамлакат ўртасида юзага келган дипломатик адоватни йўқотишни таклиф қилди. «Россия томонидан дипломатик миссияда юзага келган барча чекловларни бекор қилиш таклиф қилинганди. Бу бошқа соҳаларда ҳам муносабатлар нормаллашишига олиб келади», деди Россия етакчиси. У АҚШ ва Россия ўртасидаги муносабатлар қониқарли ҳолатда эмаслигини таъкидлади.

Иккинчи музокара
Путин ва Байден йил давомида иккинчи марта музокара ўтказди. Бу кўп сонли телефон суҳбатларидан ташқари, албатта. Улар июлда Женевада юзма-юз гаплашиб олганди. Оқ уй бу галги онлайн мулоқотнинг асосий мавзуси рус аскарларининг Украина чегарасида фаоллашуви бўлиши ҳақида олдиндан маълум қилганди. АҚШ нашрлари Россия Украинага бостириб кирмоқчи экани ҳақида октябр ойидан буён ёзиб келади. Украина разведкаси Америка нашрларидаги чиқишлардан кейин Россия чегарада 94 минг аскар жойлаштирганини айтганди.

Расмий Москва Украинага бостириб кириш режаси йўқлиги ҳақида айтиб келади. Аммо аскарлар чегарада тўпланаётганини ҳам рад қилмайди. «Биз ўз ҳудудимизда ҳарбийларимизни ҳаракатлантириш ҳуқуқига эгамиз. Лекин қандайдир босқин ҳақида гап бўлиши мумкин эмас», деганди Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков.

Ўз навбатида, Россия Украинани ҳам чегарада тажовузкор ҳаракат қилишда айблайди. Россия ташқи ишлар вазирлиги маълумотига кўра, Киев Россия билан чегарага 125 минг ҳарбий йўналтирган. Шунингдек, Россия НАТОни Қора денгиздаги провокацион машғулотларда қатнашишда айблаб келади. «Украинани ҳарбий жиҳатдан кучайтириш ишлари кетяпти. Бу эса Киевнинг Минск келишувига саботаж қилмоқчилигини кўрсатади. Киев муаммони ҳарбий йўл билан ҳал қилмоқчидек таассурот уйғотмоқда», деганди Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров.

«Россия Украинага ҳужум қилмоқчи эмас деб ҳисоблаймиз»
Байденнинг матбуот котиби Жен Псаки президентлар мулоқотидан кейин матбуот анжуманида қатнашиб, унда нималар ҳақида гапашилганини айтди.

Унинг таъкидлашича, АҚШ ҳамон Россия Украинага бостириб кирмоқчи эмас деб ҳисоблайди. Шунингдек, Псаки Байден Путинга Украина НАТОга кирмаслиги бўйича кафолат бермаганини айтди. Оқ уй маълумотига кўра, Путин ва Байден қандайдир келишув ҳақида гаплашмаган. Яъни худди Женевада бўлгани каби бу мулоқот ҳам қандайдир самара бериши даргумон. Мулоқот қисқа вақт давом этгани ҳам бундан далолат. Фақатгина Оқ уй Украинага ҳарбий кўмак бериш давом этишини айтганини мулоқотдаги ягона пичоққа илинадиган жиҳат дейиш мумкин. Байден «Путиннинг қизил чизиғи»ни тан олмаслигини ҳам айтмади.

Байден Путин билан суҳбатдан олдин европалик иттифоқчилари билан гаплашиши, суҳбатдан кейин эса Зеленскийга қўнғироқ қилиши айтилганди. Лекин бундай бўлмади. Байден Зеленский билан пайшанба куни гаплашадиган бўлди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Путин ва Байден мулоқоти: Оқ уй ва Кремль бу ҳақда нималар деди?