Нега чақалоқ кам ухлайди? Мутахассис асосий сабабларни тушунтирди

Неонатолог Малика Усмонованинг тушунтиришича, чақалоқларда уйқунинг меъёрдан кам бўлиши айрим ҳолатларда марказий асаб тизими билан боғлиқ муаммоларнинг белгиси бўлиши мумкин. Одатда янги туғилган чақалоқ бир сутка давомида 18 соатгача ухлаши керак бўлиб, агар бу кўрсаткич 14 соатдан кам бўлса, уйқу бузилиши деб баҳоланади.
Чақалоқларнинг меъёрдан кам ухлаши кўплаб ота-оналарни хавотирга солади. Мутахассислар таъкидлашича, айрим ҳолатларда бу оддий ҳолат бўлса, баъзи вазиятларда эса марказий асаб тизими билан боғлиқ муаммоларнинг белгиси бўлиши мумкин. Неонатолог Малика Усмонованинг маълум қилишича, уйқунинг меъёрдан кам бўлиши, асосан, марказий асаб тизимининг перинатал зарарланиши кузатилган чақалоқларда учрайди.
Шифокорнинг сўзларига кўра, ҳомиладорликнинг сўнгги ойлари ёки туғуруқ жараёнида она саломатлиги билан боғлиқ асоратлар юзага келган бўлса, бу боланинг кейинги ривожланишига ҳам таъсир кўрсатиши мумкин. Хусусан, чақалоқ асфиксия (нафас олиш фаолиятининг ўткир бузилиши оқибатида қон ва тўқималарда кислород етишмаслиги), гипоксия (қонда ва тўқималарда кислород миқдорининг меъёрдан камайиши) ёки инфекция билан дунёга келган ҳолларда туғуруқхонадан чиққандан кейин уйқу бузилиши ҳолатлари кузатилиши эҳтимоли юқори.
Мутахассис таъкидлашича, одатда янги туғилган чақалоқ бир сутка давомида 18 соатгача ухлайди. Агар унинг уйқуси 14–16 соат атрофида бўлса, бу ҳам физиологик меъёр ҳисобланади. Бироқ суткалик уйқу 14 соатдан кам бўлса, бу уйқу бузилиши сифатида баҳоланиши мумкин.
Ёш ўсиши билан боланинг уйқу режими ҳам ўзгаради. Масалан, 5–9 ойлик чақалоқлар ўртача 15–16 соат, 10 ойликдан 2 ёшгача бўлган болалар эса 12–13 соат ухлайди. Вақт ўтган сари кундузги уйқу қисқариб, асосий дам олиш вақти тунги уйқуга тўғри келади.
Шунингдек, шифокорлар уйқунинг чақалоқ ривожланишидаги аҳамияти жуда катта эканини эслатади. Чунки уйқу пайтида гўдак организмига соматотропин гормонининг қарийб 90 фоизи ажралиб чиқади. Айнан ушбу гормон боланинг жисмоний ўсиши, соғлом ривожланиши ва организмнинг тўғри шаклланишида муҳим ўрин тутади.






























Изоҳлар 0
…