Эль-Ниньо хавфи: Акулалар янги ҳудудларга бостириб келмоқда

Денгизшунос олимлар Ел-Нино иқлим ҳодисасининг кучайиши оқибатида акулалар, заҳарли денгиз илонлари ва бошқа тропик жонзотлар янги сув ҳудудларига кўчиб ўтиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда. АҚШ Миллий океан ва атмосфера бошқармаси маълумотига кўра, 2026 йил ноябридан 2027 йил январигача бўлган даврда «жуда кучли» Ел-Нино кузатилиши еҳтимоли 63 фоизни ташкил етади.
Денгизшунос олимлар Эль-Ниньо иқлим ҳодисасининг кучайиши океанлардаги жонзотлар ҳаракатига сезиларли таъсир кўрсатиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда. Мутахассислар фикрича, сув ҳароратининг кескин ошиши натижасида акулалар, заҳарли денгиз илонлари ва одатда маълум ҳудудларда учрамайдиган бошқа денгиз жонзотлари янги сув ҳудудларига кўчиб ўтиши эҳтимоли юқори.
АҚШ Миллий океан ва атмосфера бошқармаси (NOAA) маълумотига кўра, жорий йил кузига бориб Эль-Ниньо ўртача ёки кучли босқичга етиши кутилмоқда. Айни пайтда АҚШнинг ғарбий соҳиллари яқинидаги денгиз сувлари рекорд даражада исиб кетган. Шу боис олимлар океан экотизимида жиддий ўзгаришлар юз бериши мумкинлигини таъкидламоқда.
Эль-Ниньо — Тинч океанида шарқдан ғарбга эсувчи шамоллар сусайиши ёки йўналишини ўзгартириши натижасида илиқ сувларнинг Осиё соҳиллари ўрнига АҚШ томон силжиши билан боғлиқ табиий иқлим ҳодисасидир. Бу жараён одатда ҳар икки-етти йилда бир марта кузатилади ва 9 ойдан 12 ойгача давом этиши мумкин.
NOAA прогнозига кўра, 2026 йил ноябридан 2027 йил январигача бўлган даврда «жуда кучли» Эль-Ниньо кузатилиши эҳтимоли 63 фоизни ташкил этади. Мутахассислар бу ҳолат тарихдаги энг кучли Эль-Ниньо ҳодисаларидан бири бўлиши мумкинлигини айтмоқда. Бироқ идора вакиллари бу вазият ваҳима учун сабаб эмаслигини ҳам қайд этди.
NOAA Миллий об-ҳаво хизмати директори Кен Грэмнинг таъкидлашича, ҳар бир Эль-Ниньо ўзига хос хусусиятларга эга бўлади ва уларнинг таъсири бир хил кечмайди. Замонавий кузатув тизимлари ҳамда илмий таҳлиллар туфайли эҳтимолий ўзгаришларни олдиндан аниқлаш ва аҳолини тайёрлаш имкониятлари кенгайган.
Олимлар айниқса акулалар сони ва турлари ўзгариши мумкинлигини таъкидламоқда. Фақат оқ акулалар эмас, балки йўлбарс акулалари, буқа акулалари ва болғабош акулалар ҳам янги ҳудудларда пайдо бўлиши кутилмоқда. Калифорния штати университети профессори Крис Лоунинг айтишича, ёш оқ акулалар Сан-Диегодаги анъанавий яшаш ҳудудларини тарк эта бошлаган ва Эль-Ниньо таъсирида янада кутилмаган турлар соҳилларга яқинлашиши мумкин.
Мутахассислар бу фақат акулалар билан чекланмаслигини ҳам таъкидламоқда. Махи-махи балиқлари, кўк қанотли тунецлар, денгиз тошбақалари ҳамда заҳарли денгиз илонлари каби тропик жонзотлар ҳам янги ҳудудларда учраши мумкин. Калифорния университетининг Бениофф океан ташаббуси раҳбари Дуглас МакКоулининг фикрича, Калифорния сувларида аввал деярли кузатилмаган кўплаб «ғайриоддий тропик жонзотлар» пайдо бўлиши эҳтимолдан холи эмас.
Шулардан бири — кучли заҳарга эга сариқ қоринли денгиз илони бўлиб, у одатда Калифорния сувларида яшамайди. Олимлар илиқ сувлар таъсирида бундай турлар вақтинча ушбу ҳудудларга кириб келиши мумкинлигини айтмоқда.
Бундан ташқари, сув ҳароратининг кўтарилиши Pseudo-nitzschia деб номланувчи заҳарли сув ўтлари кўпайишини ҳам тезлаштириши мумкин. Улар ишлаб чиқарадиган домой кислотаси инсонлар ва денгиз ҳайвонлари учун хавфли ҳисобланади. Илгари 2015 йилда кузатилган «The Blob» деб аталган кучли денгиз исиш ҳодисаси даврида АҚШ ғарбий соҳилларида қисқичбақалар ва бошқа денгиз маҳсулотлари ови вақтинча тўхтатилган эди.
Мутахассислар бу гал ҳам шунга ўхшаш ўзгаришлар кузатилиши мумкинлигини истисно этмаяпти. Шу билан бирга, акулалар ва китлар соҳилларга яқинлашиши, айрим балиқ турлари, хусусан тунец захиралари эса айрим ҳудудларда кўпайиши мумкинлиги қайд этилмоқда.






























Изоҳлар 0
…