Австралияда 150 йил аввал олинган китоб яна кутубхонага қайтди

Австралияда қарийб 150 йил аввал ўқиш учун олинган «Афина қадимий буюмлари» номли китоб кутилмаганда шаҳар кутубхонасига қайтарилди. Нашрни бир еркак уйини таъмирлаш вақтида топиб олган ва унинг тарихий аҳамиятини инобатга олиб топширган. Кутубхона раҳбари Мишел Хадсоннинг сўзларига кўра, агар кечиктирилганлик учун жарима ҳисобланганида, унинг миқдори тахминан 28 минг Австралия долларини ташкил қилган бўлар еди.
Австралияда қарийб 150 йил аввал ўқиш учун олинган китоб кутилмаганда кутубхонага қайтарилди. Ноодатий воқеа нафақат кутубхона ходимлари, балки маҳаллий аҳолида ҳам катта қизиқиш уйғотди. Бу ҳақда Associated Press агентлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, 1858 йилда нашр этилган «Афина қадимий буюмлари» номли китобни бир эркак уйини таъмирлаш ишларини олиб бораётган вақтда топиб олган. У китобнинг тарихий аҳамиятини инобатга олиб, уни Австралиянинг Киама денгиз бўйида жойлашган шаҳар кутубхонасига топширган.
Кутубхона раҳбари Мишель Хадсоннинг таъкидлашича, муассаса тарихида бунчалик узоқ вақтдан кейин қайтарилган китоб ҳали учрамаган.
«Бизга ҳали ҳеч қачон шунчалик эски китоб қайтарилмаган эди», — деди у.
Унинг сўзларига кўра, агар китобни кечиктириб топширганлик учун жарима ҳисобланганида, унинг миқдори тахминан 28 минг Австралия долларини ташкил қилган бўлар эди. Бу сумма китоб муқовасининг ички қисмида кўрсатилган эски тариф — ҳар ҳафта учун 3 пенс асосида ҳисобланган.
Мутахассислар китобни ким олганини аниқлай олмади. Чунки 1870 йилларга оид китоб бериш журналлари сақланиб қолмаган. Кутубхона ходимлари нашр 1872 йилда, кутубхона фаолияти бошланганидан кўп ўтмай олиб кетилган ва қайта қайтарилмаган бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.
Ўша давр қоидаларига кўра, маст ҳолатдаги шахсларга китоб берилмаган. Шунингдек, ҳар бир оила олиши мумкин бўлган китоблар сони оиладаги саводли аъзолар сонига қараб белгиланган. Ҳар икки нафар саводли киши учун биттадан китоб олишга рухсат берилган.
Бир неча ўн йиллар давомида сақланган китобнинг саҳифалари намлик таъсирида зарарланган. Шу сабабли у энди китобхонларга ўқиш учун берилмайди.
«Унинг қайтарилишини яна 150 йил кутишни истамаймиз», — дея ҳазил қилди кутубхона раҳбари.
Маълум қилинишича, мазкур ноёб китоб келгусида маҳаллий тарихий коллекция таркибига қўшилиб, маданий мерос сифатида сақланади.






























Изоҳлар 0
…