date
views 11 286

Мурунтау дунёда олтин захираси бўйича 1-ўринда қолмоқда

Мурунтау дунёда олтин захираси бўйича 1-ўринда қолмоқда
Ўзбекистон ер ости бойликлари ҳақида халқаро матбуотда эътирофли мақолалар эълон қилинди. Жумладан, Мисрнинг “Ахбарна” ва “Миср Ал-Ан” ахборот агентликлари, шунингдек, Mining.com порталида Навоий кон-металлургия комбинати (НКМК) ва унинг машҳур Мурунтау кони ҳақида мақолалар чоп этилди.

Дунёдаги энг йирик олтин захираси — Ўзбекистонда

Мақолаларда таъкидланишича, Мурунтау кони дунёдаги энг йирик олтин захирасига эга. Тахминларга кўра, бу ерда 4 500 тонна олтин захираси мавжуд бўлиб, бу кўрсаткич билан у жаҳонда биринчи ўринни эгаллаб турибди.

2024 йилда Мурунтау дунёда олтин ишлаб чиқариш бўйича иккинчи ўринни эгаллаган — йил давомида бу ерда 2 миллион 676 минг 2 унция олтин қазиб олинган.

Халқаро миқёсда тан олинган кашфиёт

Мурунтау конининг аҳамияти нафақат иқтисодий, балки геология соҳаси учун ҳам ўта катта. Бу ҳақда сўз юритган халқаро кончилик мутахассиси, 2-гидрометаллургия заводи директори Жасур Абдуллаевга кўра, ХХ асрнинг иккинчи ярмидаги энг йирик геологик кашфиётлардан бири айнан шу кон билан боғлиқ бўлган.

“Бу ютуқ 2-гидрометаллургия заводининг қурилиши ва ишга туширилиши билан мустаҳкамланди. Бугунги кунда бу завод дунёдаги энг катта олтин ишлаб чиқарувчи корхоналар қаторига киради”, — дея таъкидлайди мутахассис.

Интеграл саноат кластери — янги иқтисодий муҳит

Материалда НКМКнинг фаолияти нафақат кон, балки бутун саноат кластерини ўз ичига олишини қайд этишади. Унинг таркибида Мурунтау кони, замонавий гидрометаллургия заводлари, Амударёдан Зарафшонгача чўзилган сув иншоотлари ва саноат шаҳри мавжуд.

Бу лойиҳа нафақат стратегик аҳамиятга эга, балки Ўзбекистон иқтисодиётининг таянч устунларидан бирига айланиб улгурган. Ҳозирги пайтда Мурунтау кони 675 метр чуқурликка етиб, майдони 5 километрдан ошиб кетган. Фаолият бошланганидан бери 2 миллиард куб метр маъданли тош чиқарилган ва ҳозирда 1000 метр чуқурликкача кенгайтириш лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Ўзбекистонда кончилик учун техника ишлаб чиқариш бошланди

Яна бир муҳим янгилик — Ўзбекистонда илк марта оғир кончилик техникасини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Бу ташаббус Навоий машинасозлик заводи ҳамда Зарафшон таъмирлаш ва техник хизмат кўрсатиш заводи ҳамкорлигида амалга оширилмоқда.

Бу қадам Ўзбекистоннинг дунёдаги кончилик ускуналари саноатидаги ўрнини мустаҳкамлашда муҳим рол ўйнайди ва маҳаллий ишлаб чиқариш салоҳиятини оширишга хизмат қилади.

Мурунтау кони фақатгина Ўзбекистоннинг эмас, балки бутун дунё геология ва кончилик соҳасининг юрaк нуқталаридан бирига айланмоқда. Олтин захираси, замонавий ишлаб чиқариш инфратузилмаси ва стратегик режалар туфайли бу лойиҳа мамлакатнинг иқтисодий келажагини таъминловчи асосий манбалардандир.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт » Мурунтау дунёда олтин захираси бўйича 1-ўринда қолмоқда