Испания Полймаркет ва Кальцҳи платформаларини блоклади

Испания қимор ўйинларини тартибга солиш органи (ДГОЖ) мамлакат ҳудудида Полймаркет ва Кальцҳи башорат бозорларига киришни вақтинча чеклади. Испания Ижтимоий ҳуқуқлар, истеъмол ва 2030 кун тартиби вазирлиги ушбу платформаларга нисбатан лицензиясиз фаолият юритиш айблови билан ҳуқуқий иш очган. Мазкур чора эҳтиёт чораси сифатида қўлланилган бўлиб, текширувлар якунлангунига қадар, яни тахминан 3-4 ой давомида амалда бўлади. Бу ҳақда Cointelegraph.com хабар беради.
ДГОЖ баёнотига кўра, Испания ва бошқа Европа юрисдикцияларида келажакдаги ноаниқ ҳодисаларга пул тикиш билан боғлиқ башорат бозорлари қимор ўйинлари тоифасига киради. Шу сабабли, бундай хизматларни кўрсатиш учун махсус маъмурий лицензия талаб этилади. Ҳозирда ушбу икки йирик платформа тегишли рухсатномаларсиз фаолият юритаётгани аниқланган.
Испаниянинг ушбу қарори Индонезия ҳукумати томонидан Полймаркет блокланганидан сўнг юз берди. Шунингдек, Австралия, Франция, Полша, Сингапур, Украина ва Швейцария каби давлатлар ҳам қимор қонунчилиги сабабли ушбу платформаларга чекловлар ўрнатган. АҚШда эса Кальцҳи ва Полймаркет штат даражасидаги босимлар ва турли чекловларга дуч келмоқда.
Полймаркет вакили компания барча юрисдикциялардаги тегишли органлар билан конструктив мулоқотга тайёрлигини билдирди. Кальцҳи вакиллари эса ҳозирча вазиятга изоҳ беришдан бош тортди. ДеФи Рате маълумотларига кўра, ушбу икки платформанинг ҳафталик умумий савдо ҳажми 6,1 миллиард УСД ни ташкил этади.
Шу билан бирга, АҚШ Конгрессининг Назорат ва ҳукумат ислоҳотлари қўмитаси ушбу платформаларда инсайдерлик савдоси бўйича текширув бошлаган. Қўмита раиси Джеймс Комер АҚШнинг Эронга қарши ҳарбий ҳаракатлари олдидан платформаларда "шубҳали вақтда амалга оширилган битимлар" кузатилганини ва айрим фойдаланувчилар махфий маълумотлар орқали фойда кўрган бўлиши мумкинлигини таъкидлади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!