20:30 / 23.10.2021
2 437

Ўзбекистон Қирғизистонга электр энергия етказиб беришни тўхтатди

Ўзбекистон Қирғизистонга электр энергия етказиб беришни тўхтатди
Ўзбекистон Қирғизистонга электр энергияси етказиб беришни вақтинча тўхтатди. Бу ҳақда Қирғизистон Миллий энергохолдинги матбуот хизмати ўзининг Facebook’даги саҳифаси орқали маълум қилди.

Таъкидланишича, айни вақтда Қозоғистон билан электр энергиясини ўзаро етказиб бериш тўғрисидаги битимлар доирасида Қирғизистонга электр энергияси импорти амалга оширилмоқда.

Бундан ташқари, Ўзбекистондан 2021 йил давомида Қирғизистонга етказиб берилиши керак бўлган электр энергияси етказилган. Шу билан бирга, ҳозирда томонлар 2022 йилга режалаштирилган ҳажмлар ҳисобига электр энергиясини етказиб беришни узайтириш масалаларини кўриб чиқмоқда.

Ўзбекистондан электр энергиясини етказиб бериш ишлари якунлангани сабаб Қирғизистонга Туркманистондан электр энергияси импорти ҳажми оширилган.

Эслатиб ўтамиз, июнь ойида Қирғизистоннинг «Электр тармоқлари» компанияси 2021 йил 1 июндан бошлаб Ўзбекистонга ва Қозоғистонга сув оқизиб юборилаётганини тасдиқлаганди. Қирғизистон Қозоғистон ва Ўзбекистон билан 1,65 миллиард кВт/соат электр энергиясини етказиб бериш бўйича келишув шартларини бажаришни бошлаган.

Келишувга кўра, Қирғизистонга Қозоғистон томони 900 миллион кВт/соат, Ўзбекистон томони эса 750 миллион кВт/соат электр энергиясини етказиб беради. Бунинг эвазига Қирғизистон 2023 йилга қадар ёз ойларида икки мамлакатга сув юборади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт » Ўзбекистон Қирғизистонга электр энергия етказиб беришни тўхтатди