
Фото: Видеодан кадр
Озода Нурсаидованинг қўшиғи учун клип суратга олиш вақтида ЙТҲга учраб, оғир жароҳатланган актриса Сабрина Жабборова ҳақиқат юзага чиқишига умид қилишини айтди. Судланувчи С.М.ни клипга жалб этган Аҳад Қаюм у «бошқа сёмкаларда яхши ҳайдагани»ни айтди, бу – вояга етмаган қиз аввал ҳам бир неча марта рулга ўтқазилганини тасдиқлайди.
Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судида 16 ёшли шахснинг клип сёмкаси вақтида йўл-транспорт ҳодисасини содир этгани бўйича суд жараёни бошланди.
Воқеа 2024 йил ноябр ойида, хонанда Озода Нурсаидованинг қўшиғи учун клип суратга олиш жараёнида рўй берган. Унда вояга етмаган актриса С.М. Mercedes-Benz G-Class автомобилида бошқа актриса Сабрина Жабборова ва яна бир фуқарони босиб кетган. Ҳолат юзасидан “транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш” (ЖК 266-моддаси 1-қисми) билан жиноят иши қўзғатилган.
«Менинг юртим» телеканали хабарига кўра, 8 май куни бу жиноят иши судда кўрила бошланган.
Ҳодиса юзасидан суд-тиббий ва автотехника экспертизалари ўтказилган. Сабрина Жабборова оғир, бошқа бир жабрланувчи енгил тан жароҳати олган.
Жабборова ЙТҲдан сўнг оғир жароҳатлар олиб, дастлаб Ўзбекистонда, кейинроқ Туркияда даволаниб қайтди.
«[Суддан] ҳақиқат сўрайман, менинг соғлигимни кўриб турибсиз, чалажон бўлиб қолдим. Туға олмайман, ярим ногирон бўлиб қолдим. Ҳар бир операция кўриш қобилиятимга ҳам таъсир қиляпти. Албатта, Озода Нурсаидова пул тўлаб, операциямизга ёрдам берди», деган жабрланувчи телеканал мухбири билан суҳбатда.
Ҳайдовчилик гувоҳномасисиз автомобил бошқарган судланувчи қизнинг онаси эса қизига машина бошқариш ҳақидаги топшириқни съёмка гуруҳидагилар берганини айтган.
«Оёғидаги кроссовкасини ечиб, каблук кийдиришган. Ўзларингиз биласиз, каблук билан машина ҳайдаш мумкин эмас. У ҳайдамайман, ҳайдай олмайман деганига қарамай, ҳайдашинг керак, сценарийда кўрсатилган деб, унда команда берилган. У ёш бола-да, қилишим керак экан деб, ҳайдаган. Сёмка гуруҳидагилар бунинг ёш қизлигини, «права»си йўқлигини билиши керак эди-ку, хавфсизлик техникасини таъминлаши керак эди-ку», – деган судланувчининг онаси.
С.М.ни клип съёмкасига жалб қилган режиссёр Аҳад Қаюм унга машина бошқаришў топшириғини у бермаганини айтди, шу билан бирга, қизни клипга тавсия этаётганда «машина ҳайдашни билади» деб айтганини тасдиқлади.
«Машинага ўтиришини айтмаганман, лекин ҳайдашни билади деганман. Бошқа съёмка жараёнларимизда яхши ҳайдаган. Ўйлаб қарасам, шу жудаям хато бўлган», деди
Суд жараёни жабрланувчининг адвокати илтимосига асосан 14 майга қолдирилди. Адвокатга кўра, Сабрина Жабборовага иш ҳужжатлари билан танишиш учун вақт керак.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йил кузида рўй берган воқеа ҳақида актриса Сабрина Жабборова 2025 йил март ойида ўз саҳифасида маълум қилганидан кейин, бу иш жамоатчилик эътиборига тушганди.
Манба: Kun.uz «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар