«Зиёлилар кенгаши янги ғоялар майдонига айланишига ишонаман» — Саида Мирзиёева

Ўзбекистонда мустақиллик йилларида илк бор турли соҳаларда фаолият юритаётган зиёлиларни ягона мулоқот майдонида бирлаштиришга қаратилган Ўзбекистон зиёлилари кенгаши иш бошлади. Унинг илк республика йиғилишида 210 нафар ҳудудий вакил, олимлар, академиклар, профессорлар, маданият ва санъат намояндалари иштирок этмоқда. Саида Мирзиёева эса Кенгашдан холис фикрлар ва дадил таклифлар кутаётганини билдириб, уни янги ғоялар майдонига айланишига ишонч билдирди.
Кенгашнинг илк йиғилишида нималар муҳокама қилинмоқда?
23–24 ноябрь кунлари Тошкент шаҳридаги Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида «Янги Ўзбекистон зиёлилари — миллий юксалиш таянчи» шиори остида Ўзбекистон зиёлилари кенгашининг республика йиғилиши бўлиб ўтмоқда.
Тадбирда Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева иштирок этди. У ўзининг Telegram каналида йиғилиш очиқ ва самимий суҳбат руҳида бошланганини маълум қилди.
«Зиёлиларимиздан холис фикр ва дадил таклифларни кутамиз. Кенгаш янги ғоялар майдонига айланишига ишонаман», — деб ёзди Саида Мирзиёева.
Кенгашнинг асосий мақсади — илм-фан, таълим, маданият, адабиёт, санъат, тиббиёт ва бошқа соҳалардаги зиёлиларнинг интеллектуал салоҳияти, тажрибаси ҳамда ташаббусларини мамлакат тараққиёти йўлида бирлаштиришдан иборат.

2 минг нафардан ортиқ зиёлидан 3 мингдан зиёд фикр-мулоҳаза
Кенгашнинг республика йиғилишига тайёргарлик жараёнида 10–14 ноябрь кунлари Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ҳудудий мулоқотлар ташкил этилган.
Уларда илм-фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, адабиёт, санъат, инновация ва жамоатчилик соҳалари вакиллари қатнашган.
Ҳудудий учрашувларда:
2 минг нафардан ортиқ зиёли иштирок этган;
3 мингдан зиёд фикр-мулоҳаза билдирилган;
мингга яқин таклиф илгари сурилган;
ҳар бир ҳудуддан 15 нафардан, жами 210 нафар вакил республика йиғилиши учун сараланган.
Республика миқёсидаги икки кунлик йиғилишда ана шу фикр ва ташаббусларни умумлаштириш, уларни муҳокама қилиш ҳамда тегишли йўналишлар бўйича амалий тавсиялар ишлаб чиқиш кўзда тутилган.

Кенгашда қайси йўналишларга эътибор қаратилмоқда?
Йиғилишнинг ялпи мажлиси ва еттита шўъбасида миллий тараққиётнинг ғоявий, маънавий, илмий, иқтисодий ва ижтимоий асослари муҳокама қилинмоқда.
Жумладан, қуйидаги масалалар кун тартибидан ўрин олган:
миллий ўзлик, инсон қадри ва фуқаролик ўзлиги;
ватанпарварлик ва миллатлараро тотувлик;
ўзбек тили, адабиёт ва тарихий хотира;
рақамли тараққиёт ва замонавий медиамакон;
миллий тарбия, маданият ва креатив иқтисодиёт;
илм-фан ва таълимни ривожлантириш;
инновацион тиббиёт ва яшил тараққиёт;
тадбиркорлик ва иқтисодий тараққиёт.
Йиғилишда олимлар, академиклар, профессорлар, ижодкорлар, жамоатчилик вакиллари ҳамда турли соҳалар мутахассислари фикр алмашмоқда.

Зиёлилар кенгашидан қандай натижалар кутилмоқда?
Кенгашнинг ташкил этилиши билан боғлиқ асосий масала — мамлакатдаги интеллектуал салоҳиятни бир жойга жамлашгина эмас, балки билдирилган фикрларни амалий таклиф ва ташаббусларга айлантиришдир.
Зеро, илм-фан, таълим, маданият ва тиббиёт каби соҳалардаги муаммоларни яхши биладиган мутахассислар уларнинг ечими бўйича ҳам муҳим таклифларни илгари суриши мумкин. Бундай мулоқот майдони турли соҳалар вакилларига бир-бирининг фикрини эшитиш, умумий муаммоларга ечим излаш ва янги ғояларни муҳокама қилиш имконини беради.
Икки кунлик республика йиғилиши якунида билдирилган таклифларни умумлаштириш ва уларни амалга ошириш бўйича аниқ вазифаларни белгилаш режалаштирилган.
Кенгашнинг ҳақиқий самараси эса билдирилган минглаб фикр-мулоҳазаларнинг қанчаси амалий ечимга айланиши, зиёлилар таклифлари қай даражада инобатга олиниши билан намоён бўлади.
Саида Мирзиёева таъкидлаганидек, Кенгаш янги ғоялар майдонига айланиши кутилмоқда. Бу майдоннинг аҳамияти эса зиёлиларнинг фикри фақат йиғилишларда эшитилиши билан эмас, балки уларнинг ташаббуслари жамият ҳаётида ўз ифодасини топиши билан белгиланади.
Обуна билан реклама бўлмайди
Zamin Premium — ойига 4 900 сўм
Мавзуга оид янгиликлар

































Изоҳлар0
…