Тошкентда бир вақтнинг ўзида икки жойда ёнғин юз берди

Бугун, 28 июнь куни Тошкент вилояти ҳамда Тошкент шаҳрида қарийб бир вақтнинг ўзида икки ёнғин содир бўлди. Ҳодисалардан бири Тошкент давлат аграр университетининг спорт комплексида, иккинчиси эса Сергели туманидаги кўп қаватли турар жойлардан бирида кузатилди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги расмий маълумот берди.
Маълум қилинишича, соат 15:17 да Тошкент вилоятининг Қибрай туманида жойлашган Тошкент давлат аграр университети спорт комплекси биносининг том қисмида ёнғин келиб чиққан. Хабар келиб тушиши билан қутқарув бўлинмалари зудлик билан воқеа жойига етиб борган.
Фавқулодда вазиятлар хизмати ходимлари ёнғинни соат 15:59 да тўлиқ қуршаб олган, соат 16:15 га келиб эса аланга батамом бартараф этилган. Дастлабки маълумотларга кўра, ҳодиса оқибатида ҳеч ким тан жароҳати олмаган.
Шу билан бир вақтда, соат 15:25 да Тошкент шаҳрининг Сергели туманида жойлашган “Янги Сергели” маҳалласи, Сергели 8-даҳасидаги кўп қаватли уйлардан бирида ҳам ёнғин юз берган.
Қутқарувчилар чақирувдан сўнг соат 15:32 да воқеа жойига етиб борган ва ёнғинни соат 16:08 да тўлиқ ўчиришга муваффақ бўлган.
Вазирлик маълумотига кўра, ёнғин натижасида хонадоннинг тахминан 30 квадрат метр қисмидаги уй жиҳозлари ёниб, моддий зарар етган. Ушбу ҳодисада ҳам тан жароҳати олганлар қайд этилмаган.
Айни пайтда ҳар икки ёнғиннинг келиб чиқиш сабаблари ҳамда етказилган моддий зарар миқдори тегишли мутахассислар томонидан ўрганилмоқда.






























Изоҳлар 0
…