“Андижон полкаси” йўлида фожиа: бир ўқувчи ҳалок бўлди

“Андижон полкаси” йўлида фожиа: бир ўқувчи ҳалок бўлди

Андижон вилояти Асака туманида “Андижон полкаси” тадбиридан қайтаётган 14-мактаб ўқувчилари иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. ЙТҲ оқибатида бир нафар ўқувчи ҳаётдан кўз юмди, яна бир неча киши турли даражадаги тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилди. Мазкур воқеа юзасидан Андижон вилояти Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси расмий маълумот берди.

Қайд этилишича, ҳодиса 23 июн куни соат 12:30 атрофида Асака тумани “Дастурхончи” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан ўтувчи халқаро аҳамиятга эга А-373 “Тошкент–Ўш” автомобил йўлининг 325-километрида содир бўлган.

Дастлабки маълумотларга кўра, 1987 йилда туғилган Т.Х. бошқарувидаги Дамас автомобили светафор билан бошқариладиган чорраҳада чапга бурилиш чоғида қарама-қарши йўналишда ҳаракатланаётган ЗИЛ-138 русумли юк машинасига йўл бермаган. Оқибатда икки транспорт воситаси тўқнашиб кетган.

Ҳалокат натижасида Дамас салонида бўлган 2011 йилда туғилган Н.Ф. оғир тан жароҳатлари билан шифохонага етказилган. Шифокорларнинг барча саъй-ҳаракатларига қарамай, ўқувчининг ҳаётини сақлаб қолишнинг имкони бўлмаган.

Shahar ko'chasida turgan o'smir yigitning oq-qora selfi surati.

Мазкур ҳодиса юзасидан Асака тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Ушбу фожиа ижтимоий тармоқларда ҳам кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Педагог ва жамоатчилик фаоли Исроил Тиллабоев масъулларга мурожаат қилиб, бундай оммавий тадбирларни ташкил этишда болалар хавфсизлиги қай даражада таъминланганига эътибор қаратди.

“Биргина рекорд ёки тадбир сабаб болалар ҳаёти хавф остига қўйилмаслиги керак. 45 даража иссиқда болаларни тадбирга олиб чиқиш оқибатлари учун ким жавоб беради?” дея савол қўйди у.

Иқтисодчи Отабек Бакиров ҳам воқеа ортидан Маданият вазирлиги фаолиятини танқид қилди. Унинг фикрича, фожиа юз берган бир пайтда расмийларнинг сукут сақлаши жамоатчиликда ҳақли эътирозларга сабаб бўлмоқда.

Ҳолат юзасидан тергов давом этмоқда.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Zamin AI билан мухокама килингЯнгиликни тахлил килинг, фойдали маслихатлар олинг

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар