Бухорода қизини кўришга келган 17 яшар йигитни, отаси калтаклади

Бухоро вилоятида 17 яшар йигит севган қизи билан учрашиш учун борганида унинг отаси ва бошқа шахслар томонидан калтакланган. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди.
Болалар омбудсмани маълум қилишича, воқеа 28 август куни содир бўлган. Фуқаро Э.Р. қизи билан кўришиш учун келган 2009 йилда туғилган вояга етмаган йигитни мажбуран автомашинага ўтқазиб, қариндоши Ф.Ф.нинг хонадонига олиб борган.
У ерда йигит бошқа шахслар билан бирга калтакланган. Суд-тиббий экспертизаси натижасида унинг танасининг турли қисмларида жароҳатлар борлиги аниқланган.
Ҳолат юзасидан 7 сентябрь куни Э.Р. ва Ф.Ф.га нисбатан Жиноят кодексининг одам ўғрилаш ҳамда қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш билан боғлиқ моддалари асосида жиноят иши қўзғатилган.
Айни вақтда жиноят иши доирасидаги дастлабки тергов ҳаракатлари туман прокуратураси томонидан олиб борилмоқда.
Болалар омбудсмани вояга етмаган жабрланувчининг шаъни, қадр-қиммати ва манфаатларини инобатга олган ҳолда, иш бўйича тасдиқланмаган маълумотларни тарқатмасликка чақирди.
Шунингдек, Омбудсман боланинг процессуал ҳуқуқлари таъминланишини кузатиб боришини маълум қилди.






























Изоҳлар 0
…