Мудҳиш воқеа: Қашқадарёда ота 400 минг сўм учун 15 ёшли қизини уриб ўлдирди

Мудҳиш воқеа: Қашқадарёда ота 400 минг сўм учун 15 ёшли қизини уриб ўлдирди

Қашқадарё вилоятининг Муборак туманида ота 400 минг сўмни ундан сўрамасдан олган 15 ёшли қизини ўқлов билан калтаклаб, унинг ўлимига сабабчи бўлган. Жиноят ишлари бўйича Косон туман суди эркакка 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаган.

Суд ҳужжатларига кўра, воқеа 2025 йил 13 март куни содир бўлган. 1982 йилда туғилган Қ.Ж. ҳамёнидаги 3 миллион сўмни санаб кўрганида 400 минг сўм камлигини аниқлаган. У аввал турмуш ўртоғидан пулни ким олганини сўраган. Кейинчалик 15 ёшли қизи Г. пулни сўрамасдан олганини тан олган.

Шундан сўнг эркак хотини ва бошқа фарзандларини хонадан чиқариб юборган ҳамда ўғлидан ошхонадан ўқлов олиб келишини сўраган. Ўқлов билан қизининг қўлларига урганида, ёғоч иккига бўлиниб кетган. Шунга қарамай, у калтаклашни давом эттирган.

Эркак қизининг юзи ва оғиз соҳасига бир неча марта шапалоқ урган, шунингдек, ўқловнинг синган қисми билан унинг қўл ва оёқларига зарба берган. Қизнинг бақирганини эшитган онаси ва аммаси уни ҳимоя қилишга уринган, бироқ ота уларни хонадан чиқариб юборган.

Кейинчалик эркак қизининг орқа ва курак соҳаларига ҳам бир неча марта зарба берган. Қизнинг аҳволи ёмонлашгач, калтаклаш тўхтатилган. Онаси унинг юзини ювиб, кийимларини алмаштирган.

Орадан тахминан 10 дақиқа ўтиб, қиз ўзини ёмон ҳис қилиб, ҳушини йўқотган. Ота соат 00:52 да тез ёрдам чақирган. Тиббиёт ходимлари етиб келганида эса қизнинг тахминан ярим соат аввал вафот этгани аниқланган.

Воқеа жойига ички ишлар ва прокуратура ходимлари келиб, қизнинг танасидаги жароҳатларни қайд этган. Эркак қизини ўзи урганини тан олиб, синган ўқловни ҳуқуқ-тартибот ходимларига топширган.

Суд-тиббий экспертизаси марҳуманинг танасида ёпиқ бош мия ва кўкрак қафаси шикастланиши, мия пардалари остига қон қуйилиши, шунингдек, ўпка тўқималари, қовурғалараро мушаклар ва тери остида катта ҳажмдаги қон қуйилишлари мавжудлигини аниқлаган.

Қ.Ж. судда қизини ўлдириш нияти бўлмаганини, уни «тарбияламоқчи бўлганини» билдирган.

Жиноят ишлари бўйича Косон туман суди Қ.Ж.ни Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми «д» бандида назарда тутилган қасддан баданга оғир шикаст етказиш жиноятини содир этганликда айбдор деб топиб, 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилган.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар