21:22 / 23 марта 2020
1 790

«Сокол» лагери карантинидаги 2 кишида коронавирус аниқланди. У ерда Москвадан келган 500 га яқин ўзбекистонликлар бор

«Сокол» лагери карантинидаги 2 кишида коронавирус аниқланди. У ерда Москвадан келган 500 га яқин ўзбекистонликлар бор
Тошкент вилоятида коронавирус инфекцияси аниқланган фуқаролар сони 23 март куни 9 нафарни ташкил этгани хабар берилган эди. Вилоят ИИББ матбуот хизматининг хабар беришича, мазкур вирус билан касалланганларнинг икки нафари «Сокол» лагерида карантинда сақланаётгани аниқланди.

Аввалроқ Москвадан Тошкентга етиб келган 500 га яқин ўзбекистонликлар Бўстонлиқ тумани «Қизилсув» маҳалласи «Сокол» спорт-соғломлаштириш марказига 14 кунга карантинга олингани, бироқ фуқаролар ушбу муассасада шароитлар йўқлигидан шикоят қилгани ҳақида хабар берилган эди.

«Сокол» оромгоҳи директорининг тарбиявий ишлар бўйича ўринбосари Мадина Расулова ушбу лагер болалар соғломлаштириш оромгоҳи эканлиги, у ерда ёзда дам олиниши ва бирор марта қишда ишламаганини билдирган.

Тошкент вилояти маъмурияти эса «Сокол» оромгоҳида карантинда сақланаётган фуқароларнинг муаммоларини энг қисқа вақт ичида ҳал этишга ваъда берган.

Ушбу лагерда карантинда сақланаётган Тошкентдаги оқшом либослари дўкони эгаси, тадбиркор Юлдуз Мавлонова эса биринчи кеча бир оз қийин ўтгани, лекин ҳозир ҳамма шароитлар қилиб берилганини айтганди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекциясини юқтириб олганлар сони 46 нафарга етган.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)