Энди ўзбекистонликлар Таиланд визаси учун Москвага боради

Энди ўзбекистонликлар Таиланд визаси учун Москвага боради

Таиланд 15 сентябрдан Ўзбекистон фуқаролари учун ҳам амалда бўлган 60 кунлик визасиз режимни бекор қилади. Шу санадан бошлаб мамлакатга сайёҳлик мақсадида борадиган ўзбекистонликлар визани олдиндан расмийлаштириши керак бўлади.

Ўзбекистон Республикасининг Бангкок шаҳридаги Бош консулхонаси маълумотига кўра, Таиландга кириш учун фуқаролар мамлакатнинг расмий электрон виза тизими орқали ариза топшириши лозим.

Бироқ виза жараёнининг муҳим қисми — тўловни амалга ошириш учун Москвага боришга тўғри келади. Таиланднинг Москвадаги элчихонаси маълумотига кўра, Ўзбекистон фуқаролари электрон виза аризасини онлайн топширгач, тасдиқловчи ҳужжатдаги кўрсатмалар асосида виза тўловини нақд АҚШ долларида элчихонада амалга оширади. Ҳозирча виза тўловини онлайн қилиш имконияти мавжуд эмас.

Элчихона маълумотига кўра, тўлов ариза топширилгандан кейин олинган тасдиқловчи ҳужжат ва QR-код асосида амалга оширилади. Тўловни ҳужжат олинганидан кейин 14 кун ичида, душанбадан жумагача соат 09:30–12:30 оралиғида амалга ошириш мумкин.

Виза расмийлаштирилгач, унинг натижаси электрон почта орқали юборилади. Таиланд элчихонаси саёҳат санасидан тахминан бир ой олдин виза учун мурожаат қилишни тавсия қилмоқда.

Шу тариқа, 15 сентябрдан Таиландга борадиган ўзбекистонликлар учун янги тартиб амал қилади: электрон виза аризаси онлайн топширилади, бироқ унинг тўловини амалга ошириш учун Москвадаги Таиланд элчихонасига шахсан бориш талаб этилади.

Шунингдек, 15 сентябрдан Ўзбекистон фуқаролари учун Visa on Arrival — мамлакатга келганда виза олиш имконияти ҳам бекор қилинади.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар